Ибтидоий одамлар Африкадан биз ўйлагандан вақтлироқ чиққан

Бармоқлар онгли инсонларга тегишли деб ишонилади Фото муаллифлик ҳуқуқи Ian Cartwright
Image caption Бармоқлар онгли инсонларга тегишли деб ишонилади

Янги археологик топилмалар ибтидоий одамлар Африкадан қачон дунёнинг бошқа бурчакларига тарқагани ҳақидаги тасаввурларимизни ўзгартириб юбориши мумкин.

Британ, америкалик, саудиялик ва австралиялик олимлар олиб борган тадқиқот натижасига кўра, замонавий Саудия Арабистони ҳудудида илк одамлар бундан 85 минг йил бурун яшай бошлаган.

Шу вақтга қадар фанда илк одамлар Африкадан кўпи билан 60 минг йил бурун ташқарига чиқа бошлаганлар, деган фараз ҳукмрон эди.

‘Эркаклар сперматозоиди камаймоқда, инсоният қирилиб кетиши мумкин’

Стивен Хокинг: Борлиқ ҳақида одамларнинг тасаввурини ўзгартирган олим

Энг қадимий аждодимиз суяги топилди

Ибтидоий одамлар биз ўйлагандан анча олдинроқ Африка қитъасидан бошқа ҳудудларга тарқай бошлаган, деган тахминга Саудия Арабистонида археологлар томонидан топилган кичик бармоқ бўғими суяклари асос бўлиб хизмат қилди. Суяклар ёши радиоизотоп текширувлар орқали тасдиқланди.

Мазкур тадқиқот хулосалари Nature Ecology and Evolution журналида эълон қилинди.

Бунга қадар Исроил, Хитой ва Австралиядан топилган меҳнат қуроллари илк одамлар бундан 180 минг йил олдин Африкадан чиқиб, бошқа минтақаларда ўрнаша бошлаган, деган назарияни билвосита тасдиқлайди.

Arabia Саудия Арабистонидаги Ал Вуста

Фото муаллифлик ҳуқуқи Klint Janulis
Image caption Саудия Арабистонидаги Ал Вуста

Қадимий суяк

Арабистондаги Катта Нефуд саҳросининг қоқ марказида жойлашган ал-Вуста археологик майдончасидан инсон бармоғининг ўрта бўғим суяги қазиб олинди. Бир вақтлар бу ерлар катта кўлнинг остида бўлган.

Ушбу бармоқ суяги тегишли инсоннинг бошқа қолдиқлари қазилмалар давомида аниқланмади.

«Бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ,» дейди қазилмаларда иштирок этаётган Оксфорд университети доктори Хау Гроукатт. «Деярли барча одам ва ҳайвонларнинг қолдиғи вақт ўтиши билан изсиз йўқолиб кетади.»

«Роса омадимиз келди. Одатда, инсон қолдиқлари топилганда унинг айнан қандай қисмга тегишли эканлигини аниқлаш қийин кечади. Лекин биз бу суякни қандай қисмга тегишли эканлигини осонгина аниқладик,» дейди олим.

Тадқиқотчилар компютер томографияси ёрдамида суякнинг 3D кўриниши яратиб, уни ўша пайтда яшаган неандерталлар қолдиқлари билан солиштириб кўрдилар. Натижада суяк катта эҳтимол билан Homo Sapiens вакили, яъни онгли инсонга тегишли бўлиб чиқди. Неандерталларнинг бундай суяклари қисқа ва йўғон бўлади.

Ал-Вуста майдончасидан топилган бошқа топилмалар ёши икки турли усул билан аниқланди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Klint Janulis

Иқлим таъсири

85 минг йил олдинги Саудия Арабистонининг иқлими ҳозиргисидан кескин фарқ қилган.

Минтақада мавсумий ёмғирлар ёғган, кўллар кўп бўлган. Бундай кўлларда ҳозирги бегемотларга ўхшаш ҳайвонлар кун кечирган. Тахминларга кўра, Африкадан ёввойи сигирлар, антилопалар бу минтақага кўчиб келган.

Ал-Вустадан топилган қолдиқлар атрофдаги ҳудуднинг ўсимлик дунёси ҳам турли-туман бўлганлигини кўрсатмоқда. Бундан ташқари, майдончадан Homo Sapiens'лар фойдаланган меҳнат қуролларига ўхшаш қолдиқлар топилган.

Доктор Гроукаттнинг сўзларига кўра, қадимги одамлар бир вақтлар жозибадор бўлган бу ҳудудларни синчиклаб ўрганиб чиққан бўлишлари мумкин.

«Қизиғи шундаки, бунгача аксарият олимлар қадимги одамлар мураккаб меҳнат қуролларини ясашни ўрганмагунга қадар Евроосиё минтақасига ўрнаша олмаган, деган фаразни тасдиқлар эди. Бироқ бизнинг топилмаларимиз ибтидоий одамлар меҳнат қуроллари сабабли эмас, балки биринчи ўринда иқлимий ўзгаришлар таъсирида бошқа ҳудудларга кўча бошлаганини кўрсатмоқда,» дейди олим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Michael Petraglia

Аммо Арабистон саҳросидан топилган бу қолдиқлар орқали олимнинг илгари сураётган фаразини тасдиқлаш қийин. Сабаби ибтидоий одамлар бу ҳудудда кўп яшамаганлар: бир неча юз ёки минг йил.

Кейинчалик бу одамлар тақдири қандай кечганлиги номаълум - тўда қирилиб кетган ёки бошқа ҳудудларга кўчиб кетган бўлиши мумкин.

Генетик тадқиқотлар хулосасига таяниладиган бўлса, ҳозирги африкалик бўлмаган барча инсонларнинг аждодлари бундан 60 минг йилча олдин Африка қитъасидан бошқа ҳудудларга кенг миқёсдаги кўчишни амалга оширганлар. Ҳозирда олимлар илк одамларнинг бу тахминий вақтдан олдин Африкадан ташқарида яшай бошлагани ҳақидаги маълумотларни синчиклаб ўрганиб чиқмоқда. Ибтидоий одамлар олимлар фараз қилгандан анча олдин Қора қитъадан ташқарига чиқа бошлаганига далиллар эса йил сайин кўпайиб бормоқда.

Айни вақтда нега шу пайтга қадар илк одамлар Африкадан 60 минг йилдан анча олдин бошқа ҳудудларга кўча бошлаганини кўрсатувчи далиллар деярли топилмаганини қуйидагича изоҳлаш мумкин: қитъадан бошқа ҳудудларга анча олдинроқ кўчиб ўтган илк одамлар янги табиий шароитларга кўника олмай, тез орада қирилиб кетганлар ва улардан авлод қолмаган. Кейинроқ, яъни бундан тахминан 60 минг йил олдин оммавий кўчишнинг иккинчи тўлқини содир бўлган ва дунёнинг бошқа қисмлари ҳам бизнинг қавмимиз вакиллари билан тўла бошлаган.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар