Қайси давлат аҳолиси ҳаммадан кўп ишлайди? Жавоб сизни ҳайратга солиши аниқ

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўтган март ойида Жанубий Корея Миллий ассамблеяси имкон қадар кўпроқ ишчи ходимлар дам олишига имкон берувчи қонунни қабул қилди.

Жанубий Корея депутатларининг аксарияти максимал ҳафталик меҳнат фаолиятини 68 соатдан 52 соатга тушириш бўйича таклиф қилинган қонун лойиҳасини ёқлаб овоз берди.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) маълумотларига кўра, ҳозирда барча ривожланган давлатлар ичида энг узоқ иш куни Жанубий Кореядадир.

Янги қабул қилинган қонун шу йилнинг июль ойидан кучга киради. Аввалига йирик компаниялар ходимлари янги қонунда белгиланган меҳнат фаолияти тартиби бўйича ишлай бошлайди. Кичик компаниялар янги тартибга ўтиши учун бироз вақт талаб қилинади.

Ушбу қонунга қарши бир қанча жанубий кореялик ишбилармонлар норозилик билдирдилар. Бироқ ҳукуматнинг ишонишича, бундай қонун одамлар турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилади. Бундан ташқари расмий Сеул қисқа меҳнат ҳафтаси янги иш ўринларини ташкил қилишга имкон яратади ва, натижада, ишлаб чиқариш суръати сезиларли ошади, дея таъкидламоқда.

Истисно

Корея ҳукумати иш куни давомийлигининг қисқартирилиши туғилишлар сонини ўсишига таъсир қилади, деган фикрда. Жанубий Кореяда бир неча ўн йил давомида туғилишлар суръатининг барқарор пасайиши кузатилмоқда.

Ҳозирги кунда Жанубий Корея барча ривожланган давлатлар ичида энг узоқ давом этадиган иш ҳафтасига эга мамлакат сифатида қолмоқда. ИҲТТнинг 2016 йилга оид маълумотларидан кўринишича, ҳар бир жанубий кореялик ишчи бир йилда ўрта ҳисобда 2069 соат вақтини ишда ўтказади.

Фақатгина Мексика (2225 соат) ва Коста-Рика (2212 соат)да ишчилар Жанубий Кореядагидан кўра кўпроқ меҳнат қиладилар.

Энг узоқ давом этадиган иш кунига эга ИҲТТ аъзо-давлатлари

ЎринМамлакатҲар бир ходимнинг ўртача меҳнат

соатлари (бир йил ичида)

1Мексика2225

2Коста-Рика2212

3Жанубий Корея2069

4Юнонистон2035

5Россия1974

5Чили1974

14Туркия1832

16АҚШ1783

22Япония1713

26Буюк Британия1676

38Германия1363

Халқаро Меҳнат Ташкилоти келтираётган маълумотларга кўра, иш куни соатлари узоқ бўлган давлатлар аҳолисининг даромади паст ва ўрта даражада бўлиши кузатилади.

Ушбу ҳолатни қатор омиллар билан изоҳлаш мумкин: аҳоли даромади паст бўлган давлатларда аксарият одамлар меҳнат шартномасисиз ишлайдилар, шунингдек, бундай мамлакатларда иш ҳақи ва меҳнат бозоридаги аҳвол абгор ҳолатда бўлади. Бундан ташқари турли маданий қадриятлар ва менталитет ҳам меҳнат фаолиятига таъсир ўтказади.

Бироқ аҳоли даромади нисбатан юқори бўлган Жанубий Кореядаги ҳолат ушбу умумий қоидадан истиснодир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Японияда мавжуд «меҳнатдан ўлиш» муаммоси нафақат статистик маълумотлар билан тасдиқланган, балки япон тилида ушбу ҳолатни англатувчи алоҳида сўз ҳам бор - "кароси" (том маънода «меҳнатдан ўлиш» маъносини билдиради).

«Кароси» сўзи иш вақтидаги стресс билан боғлиқ касалликлар (масалан, юрак хуружи)дан вафот этиш ёки меҳнат фаолияти давомида босимга бардош бера олмаган шахснинг ўз жонига суиқасдини англатади.

Энг узоқ меҳнат ҳафтасига эга давлатлар (бир ҳафта ичидаги иш соатлари)

Тайланд84

Сейшел ороллари74

Коста-Рика72

Непал68

Эрон64

Малайзия62

Цингапур61

Ўртаҳол япон йилига 1713 соат вақтини ишхонада ўтказади. ИҲТТ маълумотлари бўйича бу энг узоқ иш куни кўрсаткичи эмас. Бироқ қайғули воқеликни акслантирувчи статистик маълумотлар борлигини ҳам ёддан чиқармаслик лозим: Японияда бир ҳафта давомидаги максимал иш соатларини чекловчи ва ортиқча ишлашни назорат қилувчи қонунлар мавжуд эмас. Оқибатда ўртаҳол япон ишчиси белгилангандан анчайин кўп вақтини ишхонада ўтказади.

2015-2016 молиявий йили давомида Японияда рекорд даражадаги "кароси" рўйхатга олинган - 1456 та. Ишчилар ҳуқуқини муҳофаза қилувчи ташкилотларнинг таъкидлашича, асл рақамлар расмий статистик маълумотлардагидан бир неча баробар юқори бўлиши мумкин.

Халқаро Меҳнат Ташкилотининг маълум қилишича, Осиё давлатлари ишчилари Европа ёки Америкадаги ҳамкасбларидан кўпроқ вақтларини ишда ўтказадилар.

Кўплаб Осиё давлатларида (32 фоиз) максимал иш ҳафтаси давомийлигини чекловчи қонунлар мавжуд эмас. Ушбу минтақадаги аксарият мамлакатда (29 фоиз) эса ҳафтадаги меҳнат давомийлиги 60 ёки ундан кўпроқ соат билан чеклаб қўйилган.

Давлатларнинг фақатгина 4 фоизи Халқаро Меҳнат Ташкилоти тавсияларига амал қилади. Мазкур тавсияларга кўра, иш ҳафтасининг максимал давомийлиги 48 ёки ундан камроқ соатни ташкил этиши зарур.

Жанубий ва Шимолий Америка давлатларининг 34 фоизи иш ҳафтаси максимал давомийлигини чекловчи қонунларни қабул қилмаган. АҚШ ҳам ушбу давлатлар қаторига киради.

Яқин Шарқда ҳам айни ҳолатни кузатиш мумкин: минтақадаги 10 давлатдан саккизтасида иш ҳафтаси давомийлиги 60 соатдан ошиб кетади.

Европада эса деярли барча давлатлар иш ҳафтаси давомийлигини чеклаб қўйганлар. Фақат Белгия ва Туркияда ҳафтасига 48 соатдан ошиқроқ ишлашга йўл қўйилади.

Меҳнатга муккасидан кетган шаҳарлар

2016 йилда щвецар банки бўлмиш UBS иш ҳафтаси давомийлиги энг юқори бўлган шаҳарлар рўйхатини эълон қилди.

Ушбу рўйхат жой олган ҳисоботдаги рақамларидан маълум бўлишича, Гонгконг аҳолиси ҳафтасига 50,1 соат ишласа, бу рақам Мумбайда 43,7, Мехикода 43,5, Деҳлида 42,6, ва Бангкокда 42,1 соатни ташкил қилар экан.

Маълумотлар ҳаммадан ҳам мексикаликларга оғирлигини кўрсатмоқда. Улар дунё бўйича ҳафтасига энг кўп ишлашлари етмагандек, Мексика ҳақ тўланадиган энг қисқа меҳнат таътилига эга давлатларидан бири саналади. Мексикаликлар 10 кундан камга чўзилувчи ҳақ тўланадиган таътил олиш имконига эга, холос. Айни рақам Бразилияда 20 кундан 23 кунгачани ташкил этади. Шунингдек, Нигерия, Япония ва Хитой аҳли ҳам мексикаликлар каби қисқа таътил олишга мажбур.

Лекин аҳвол бундан ҳам ёмонроқ жойлар ҳали бор. Масалан, Ҳиндистонда иш куни давомийлигини чеклайдиган қонун ва кафолатланган ҳақ тўланувчи меҳнат таътили мавжуд эмас.

BBCUZBEK.COM bilan Telegram orqali +44 7858860002 nomeri bilan bogʻlaning. Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek