Эрон янги мессенжер иловаси орқали «Америкага ўлим» демоқда

"Америкага ўлим", "Масонларга ўлим" ва "Юр,намоз ўқиймиз" эможилари Фото муаллифлик ҳуқуқи Soroush
Image caption "Америкага ўлим", "Масонларга ўлим" ва "Юр,намоз ўқиймиз" эможилари

Эрон «Америкага ўлим» ёзувли эможиларга тўла маҳаллий ишлаб чиқилган мобил мессенжер иловаси орқали миллионлаб эронликларни машҳур Telegram хизматидан воз кечишга ундамоқда. Эрон ҳукумати Telegram тармоғини мамлакатда тартибсизлик уруғини сочаётганликда айблайди.

Soroush номли ушбу янги мессенжерда Олий раҳнамо Али Ҳомайний сурати ва Америка, Исроил ҳамда Фримассонларга ўлим тилаклари битилган плакатларни қўлида тутиб турган чодрали аёл эможиларини кўриш мумкин.

Ҳаттоки Ислом инқилоби ҳимоячилари корпусининг махсус бўлинмаси саналмиш "Қудс" кучлари мазкур мессенжер билан боғлиқ ўзига хос танлов ҳам эълон қилган. Унга кўра, Soroush хизматига уланган эронликларнинг бештаси тасодифий равишда танланиб, олтин тангалар билан тақдирланади. Тақдир тақозоси билан ушбу танлов ҳақидаги хабар "Қудс"нинг Telegram каналида эълон қилинган.

Олий раҳнамо Оятуллоҳ Ҳомайний эса танловни қўллаб-қувватлаб, ўзининг Telegram аккаунтини ўчириб ташлади ва бошқаларни ҳам миллий мессенжер хизматларига уланишга даъват қилмоқда.

Шунингдек, ўтган ҳафта давлат телеканали бўлмиш IRIB "Миллий мессенжер хизматларини дастаклаш мақсадида президентнинг Telegram канали ўз фаолиятини тўхтатди," деб хабар тарқатди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Миллионлаб эронликлар смартфонлардан фойдаланишади
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Эронда аёллар яна сайловда қатнашмоқдалар

Telegram'да хавфсизлик ва шахсий махфийлик юқори даражада таъминлангани сабабли 50 миллионга яқин эронликлар айни хизматдан фойдаланади. Бироқ расмий Теҳрон хизматни ўтган йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган аксил-ҳукумат намойишларини кенг авж олишига сабаб бўлишда айблайди.

Ҳозирда беш миллион фойдаланувчига эга эканлиги иддао қилинаётган Soroush мессенжери ҳар томонлама Telegram'ни такрорлайди. Ушбу мессенжерда фойдаланувчилар каналларга уланиши, янгиликларни кузатиб бориши ва ўз бизнесларини онлайн тарзда юритишлари мумкин. Бироқ эронликлар ҳатто Олий раҳнамонинг кафолатига ҳам ишонмаяптилар - омма ўртасида ушбу мессенжерда шахсий дахлсизлик тўлиқ ҳимояланганига шубҳалар юқори.

Эрон сайловлари нима учун муҳим?

Айни вақтда халқ орасида мессенжер билан боғлиқ ҳазил ҳам пайдо бўлган: Soroush орқали юборилган хабар ўқилганда уч таёқча пайдо бўлади (Telegram'да эса иккита), чунки юборилаётган хабарларни махсус хизматлар ҳам ўқиб ўтиради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Soroush
Image caption Soroush

Telegram Теҳрон ва Москвага қарши

Эроннинг Кибермакон кенгаши давлат муассасаларида хорижий иловалардан фойдаланишга тақиқ қўйди. Ушбу тақиқ Эрондаги энг машҳур мессенжер хизмати саналмиш Telegram ҳукумат томонидан исталган пайтда блокланиши мумкин, деган хабарлар урчиган бир пайтга тўғри келмоқда.

Эрон Ислом Республикаси Telegram'нинг мамлакат ички қонунларига бўйсунишини талаб қилади. Хизмат асосчи, россиялик миллиардер Павел Дуров эса бундай талабни бажаришни такрор-такрор рад қилиб келади. Дуровга кўра, Telegram доимо «эркинлик ва шахсий дахлсизлик тарафида қолаверади.»

Жаноб Дуров хавфсизлик хизматларига юборилаётган хабарларни ўқиш имконини берувчи шифрлаш калитларини беришдан бош тортгандан сўнг яқинда Telegram хизмати Россия Федерацияси ҳудудида блокланган эди.

Айни вақтда Эрон Олий раҳнамоси, президенти ва бошқа юқори мартабали давлат амалдорлари мамлакатда ҳамон расман тақиқ остида бўлган Twitter'даги ўз аккаунтлари орқали фикрларини баён қилиб турибдилар. Али Ҳомайний идораси эса Facebook'да ҳануз фаол. Олий Раҳнамонинг турли тилларда юритиладиган еттита Twitter саҳифаси мавжуд.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Twitter
Image caption Эрон Олий руҳонийсининг инглиз тилидаги Twitter микроблогида ярим миллионча фолловери бор

Алистайр Колман хабари