Sunday Times: Британиянинг энг бой одамларидан 16 нафари собиқ СССРдан чиққан

Sunday Times газетаси Британиянинг минглаган бой одамлари йиллик рўйхатини эълон қилди. Ундан нафақат мамлакат фуқаролари, балки Буюк Британияда истиқомат қилувчи ёки ишловчи хорижликлар ҳам ўрин олган.

Глобализация замонида бир давлатда туғилиб, иккинчисида вояга етган ва учинчисида яшайдиган, тўртинчисида меҳнат қилиб, бешинчисида пулларини сақлайдиган одамларни топиш қийин эмас.

Шундан келиб чиқиб, газета Британия билан яқин алоқалари мавжуд шахсларни ҳам рўйхатга киритишни жоиз топган. Рўйхатга киритилганлардан кимдир Британия фуқароси билан оила қурган, иккинчиси, мамлакатда қатор кўчмас мулк ва бизнесларга эга, бошқаси эса британ хайрия жамғармалари, сиёсий партиялари, университетларига молиявий кўмак кўрсатади.

"Путин рўйхати"га Алишер Усмонов ва Искандар Маҳмудов ҳам кирди

Россия: Усмонов бешта бойдан биттаси

Рўйхатдан собиқ СССР ҳудудидан чиққан 16 нафар шахс ҳам жой олган.

Sunday Times рўйхати акциялар, ерлар, кўчмас мулклар ёки санъат асарлари каби очиқ мол-мулкларга асосланган. Батафсил маълумот олишга имкон йўқлиги сабабли банклардаги маблағлар ҳисобга олинмаган.

Баъзи миллионерлар ўзларининг қарздорлиги борасида банклар билан музокаралар ўтказаётгани маълум бўлиб қолган ҳолатларда улар рўйхатнинг қуйи поғонасига тушиб кетадилар ёки ундан умуман чиқиб кетишлари мумкин. Бироқ газетанинг таъкидлашича, бу улар рўйхатга қайтиб киритилмайди, дегани эмас.

Шундай қилиб, собиқ СССРдан кимлар бу рўйхатга киритилди ва улар қандай ўринларни эгаллай олди?

Леонид Блаватник (Британияда сэр Лен Блаватник номи билан танилган)

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Блаватник Sunday Times рўйхатида 3-ўринга муносиб кўрилган. Газета унинг мол-мулкини $20,6 миллиардга баҳолаган.

Бир қанча вақт олдин у мамлакатдаги энг бой одам эди. 2017 йилда рўйхатда иккинчи ўринга тушди. Бойлиги эса 723 миллион фунтга камайди.

Блаватникнинг асосий даромади инвестициялардан, хусусан, «Ренова» компаниясига тикилган сармоялардан, шунингдек, мусиқа саноати ва ОАВ бизнесидан келади.

Овоз ёзиш ишлари билан шуғулланувчи Warner Music Group компанияси ҳам унга тегишли. 2017 йилда унинг даромади 10,2 фоиз, яъни 2,6 миллард фунт стерлингга ўсган.

Леонид Блаватник Одессада туғилиб, Москвада Виктор Вексельберг билан бир курсда ўқиган. 1978 йили унинг оиласи АҚШга кўчиб кетади.

Ҳозирда Блаватник Лондонда муқим истиқомат қилади. 2010 йилда у Британия фуқаролигини олган.

Блаватник хайрия ишлари билан фаол шуғулланади. Ушбу фаолияти учун 2017 йилда рицарлик унвони билан тақдирланган.

Лондондаги Тейт (Tate Modern) замонавий санъат галереясининг янги қаноти унинг номи билан аталган (Блаватник музейга 50 миллион фунт хайрия қилган). Шунингдек, Виктория ва Алберт музейининг янги вестибюлига ҳам унинг номи берилган (5 миллион фунт).

У Оксфорд университетига 75 миллион фунт хайрия қилгандан сўнг у ерда Блаватник номидаги бизнес мактаб пайдо бўлди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи MICHAEL KLIMENTYEV
Image caption Усмонов ва Путин

Алишер Усмонов

Усмонов Sunday Times рўйхатида саккизинчи ўринни эгаллаб турибди. Унинг бойлиги $14,2 миллиардга баҳоланган. Усмонов ўтган йилгидан $1,2 миллардга «камбағаллашган».

Алишер Усмоновнинг асосий пуллари Россиядаги энг йирик тоғ-кон металлургия ҳолдингларидан бири ҳисобланувчи «Металлоинвест»га тикилган. У, шунингдек, Россиядаги иккинчи йирик мобил оператори бўлмиш «Мегафон»нинг катта миқдордаги акцияларига ҳам эгалик қилади.

Усмонов Facebook'ка пул тиккан илк сармоядорлардан биридир. Кейинроқ Facebook'даги акцияларини сотиб юбориб, тушган пулни Alibaba ва JD.com ҳамда Airbnb'га йўналтирган.

2013-2015 йилларда у энг бой россияликлар рўйхатига етачилик қилган. Лондон футбол клуби саналмиш «Арсенал»нинг 30 фоиз акциялари ҳам айнан Усмоновга тегишли.

Алишер Усмонов Суррей графлигидаги Саттон-Плейсда истиқомат қилади. Тюдорлар даврига мансуб ушбу жой бир вақтлар америкалик нефть магнати Пол Геттига тегишли бўлган.

2017 йилда Усмонов Sunday Times рўйхатининг бешинчи ўрнини эгаллаган эди.

Роман Абрамович

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Ўтган йилгидек Роман Абрамович бу йил ҳам Sunday Times рўйхатининг 13-ўрнида турибди. Газета унинг бойлигини $12,6 миллиард атрофида баҳолаган. Усмоновдан фарқли ўлароқ Абрамович ўтган йилгидан $1,2 миллиардга бойиган.

1980 йилларда ҳарбий хизматдан қайтган Абрамович кичик бизнес билан шуғулланади. 1995 йилда у ва Борис Березовский хусусийлаштирилган «Сибнефт»ни сотиб оладилар.

Орадан ўн йил ўтиб, «Сибнефт», «Аэрофлот» ва «Русал» алюминий компаниясидаги улушларини сотган Абрамович катта миқдордаги маблағга эга бўлади.

2000 йилдан 2008 йилга қадар Чукотка губернатори сифатида фаолият юритган олигарх 2003 йилда Лондондаги «Челси» футбол клубини сотиб олади.

Абрамовичга бешта қимматбаҳо уй тегишли бўлиб, уларнинг иккитаси Британияда, яна иккитаси Американинг Колорадо штатида ва биттаси Сен-Бартелеми оролида жойлашган. Абрамович дунёда катталиги бўйича иккинчи ўринда турувчи Eclipse яхтаси, Boeing-767 хусусий самолёти ва санъат асарларининг улкан коллекциясига ҳам эгалик қилади.

Маълумотларга кўра, Абрамович президент Путин билан яқин алоқада бўлган ва бўлиб келмоқда. Бундан ташқари олигарх Британия ҳукуматининг хорижлик бизнесменлар топаётган даромадлари келиб чиқишини жиддий текшириш ниятида эканлигидан хавотирда эканлиги айтилмоқда.

2007 йилда Роман Абрамович Ирина Маландина билан ажрашади. Ушбу ажрашув олигарх учун 155 миллион фунтга тушади. 2017 йилда учинчи хотини Даря Жукова билан ҳам ажрашган Абрамович яна бир қанча чиқимнинг баҳридан ўтишига тўғри келади.

Роман Абрамович 2017 йилда Ла-Манш бўғозида жойлашган Жерси оролидан алоҳида нуфузли резидент сифатида яшаш ҳуқуқини қўлга киритади.

Владимир Ким

Sunday Times рўйхатида Владимир Кимга 93-ўрин берилган. Унинг бойлиги газета томонидан $1,9 миллиардга баҳоланмоқда.

Ким - рангли ва қимматбаҳо металларни қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш билан шуғулланувчи йирик KAZ Minerals акционерлик гуруҳининг президенти. Шунингдек, у «Казахмис» ҳолдингининг ҳам президенти ҳисобланади.

KAZ Minerals Лондонда жойлашган ва унинг акциялари Лондон биржасида котировка қилинади.

2010 йилда Владимир Ким KAZ Minerals'даги ўз улушини сотиш орқали 838 миллион фунт ишлаб топади.

2016 йилда компания Қозоғистон ҳукумати билан бўлиб ўтган музокараларда кўмак кўрсатгани учун Кимга 454 минг фунт тўлаган эди.

Владимир Ким ҳозирда 57 ёшда. У Сталин даврида Узоқ Шарқдан сургун қилинган этник корейслар авлодидир.

Мавжуд маълумотларга кўра, Ким Лондон марказидаги One Hyde Park биносида жойлашган квартирага эгалик қилади. Бу бинодаги энг арзон турар-жой нархи эса 20 миллион фунтга тенг.

Владимир Ким вақтининг маълум қисмини Олма-отада ўтказади.

Евгений Швидлер

Евгений Швидлер ўтган йилдан буён Sunday Times рўйхатидаги жойини сақлаб келмоқда - 125-ўрин. Унинг бойлиги $1,5 миллиардга тенг.

Швидлер Роман Абрамовичнинг болаликдаги дўсти ва узоқ вақтлик бизнес ҳамкоридир.

У Лондонда жойлашган «Евраза» халқаро металлургия ва тоғ-кон саноати компаниясининг директорлар кенгаши аъзоси ҳисобланади. Компанияда унинг 162,1 миллион фунтга тенг улуши мавжуд.

Швидлер, бундан ташқари, Millhouse Capital сармоя компаниясидаги Абрамовичнинг ҳамкори ҳамдир.

У пулларни беҳуда совурмаслиги билан танилган. Швидлернинг Абрамович ҳадяси ҳисобланмиш Le Grand Bleu номли яхтасини порт йиғимларини тўламаслик мақсадида 2017-йили Ню-Йоркдаги Озодлик ҳайкали остига тўхтатгани овоза бўлиб кетган эди.

Андрей Андреев

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

44 ёшли ушбу интернет гуру бир йил ичида Sunday Times рўйхатида 184-ўриндан 136-ўринга кўтарилишга муваффақ бўлган. Унинг бойлиги $1,3 миллиардга тенг, деб кўрилади.

Sunday Times ёзишича, Андреев Badoo танишув сайтини яратиш орқали миллионлаб одамларга бахт улаша олган. Times билан бўлган суҳбатлардан бирида у ўз бизнеси ҳақида шундай деган эди: «Биз ёлғизликни йўқ қиламиз.»

Андреев Москвада туғилиб, вояга етган. Университетни ташлаб кетган йигит 2003 йилда Begun реклама сайтини сотиш орқали илк миллионини ишлаб топади.

Андреев 18 ёшида Россиядан кўчиб кетади. 2005 йилдан бери Лондонда истиқомат қилади.

Россияда Mamba танишув сайтидаги асос солган бизнесмен, кейинчалик, қароргоҳи Лондонда жойлашган Badoo'ни яратади.

2013 йилда Badoo 1,2 миллиард фунтга баҳоланади. Компаниянинг иддаосига кўра, сайтга 360 миллион одам аъзо бўлган.

2014 йилда Андреев Tinder асосчиси Уитни Вулф билан Bumble танишув сайтини ишга туширади. Янги хизматнинг ўзига хослиги шунда эдики, унда фақат аёллар суҳбатдошни танлай оларди.

Владимир Махлай

80 ёшли Махлай Андреев билан 136-ўринни бўлишиб олган.

У «Толяттиазот» компаниясига 15 йил раҳбарлик қилади. 2011-йил майида эса истеъфога чиқади. Компанияни ҳозирда Махлайнинг ўғли Сергей бошқармоқда.

2005 йилда «Толяттиазот» устидан назорат туфайли Махлай ва Виктор Вексельбергнинг «Ренова» ҳолдингги ўртасида низо келиб чиқади.

Россияда Махлайга нисбатан қидирув эълон қилинади. У эса сиёсий бошпана сўраганча Буюк Британияга кўчиб кетади.

Россия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Махлай «Толяттиазот»даги икки миллиард долларга баҳоланган улушини сотиш истагида, лекин унинг бу хоҳишига, гўёки, Кремль норозилик билдирмоқда.

Виктор Пинчук

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Виктор Пинчук

Sunday Times украиналик саноатчи ва сармоячининг бойлигини миллиард фунтга баҳолаган. У Андреев ва Махлай билан биргаликда 136-ўринни эгаллаб турибди.

Виктор Пинчук Украинадаги тўртинчи энг бой шахс ҳисобланади. У кўплаб комапаниялар билан биргаликда пўлат қувурлар ва поезд ғилдираклари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи «Интерпайп»га ҳам эгалик қилади.

Лондонда жойлашган инвестиция гуруҳи ҳам Пинчукка тегишли.

У Украина собиқ президенти Леонид Кучманинг қизига уйланган.

Виктор Пинчук қўшиқчи Элтон Жон билан қалин дўстлик ришталарини ўрнатган. Бундан ташқари Британия собиқ бош вазири Тони Блернинг Faith Foundation хайрия фондига ҳам катта миқдордаги маблағ ўтказиб берган.

Матбуотда пайдо бўлган хабарларга кўра, АҚШдаги президентлик сайловига қадар Пинчук ўзи томонидан ташкил қилинган конференцияда иштирок этиши учун Доналд Трампга гўёки $150 минг тўлаган. Ҳозирда махсус прокурор Роберт Мюллер айни масалани ўрганмоқда.

2017 йилда Пинчук Sunday Times рўйхатининг 144-ўрнини банд қилиб турган эди. Сўнгги бир йил ичида унинг бойлиги 100 миллион фунтга ошди.

Елена Батурина

Sunday Times рўйхатида собиқ Москва мери бўлмиш Юрий Лужковнинг рафиқаси Елена Батурина 160-ўринни эгаллади. Унинг бойлиги газета томонидан $1,1 миллиард (882 миллион фунт)га баҳоланган.

Профессионал меҳнат фаолиятини заводда бошлаган Батурина, кейинроқ, Давлат бошқарув университетини тамомлайди. У асосий маблағини қурилиш бизнесидан ишлаб топган.

Батурина 2008 йилда ўз бойлигининг энг юқори даражасига эришган. Ўшанда унинг умумий бойлиги 2,6 миллиард фунтга етган эди. Шундан сўнг унинг пуллари бир неча бараварга камайган.

Геннадий Боголюбов

56 яшар украиналик банкир Sunday Times рўйхатининг 251-поғонасида турибди.

Украина ҳукумати мамлакатдаги энг йирик хусусий банк ҳисобланмиш Приват-банкни миллийлаштиргандан сўнг Боголюбовнинг бойлиги 500 миллион фунтдан 245 миллион фунтга тушиб кетди. У Приват-банкни Игор Коломойский билан биргаликда назорат қилиб келган эди.

Боголюбовнинг банкдаги улуши 40 фоизни ташкил қилган.

«Одатий ноқонуний тортиб олиш,» дея банкнинг миллийлаштирилишига изоҳ берганди у.

Лондоннинг энг кўркам ва қиммат Белгравия туманида яшовчи Боголюбов 2016 йилдан бери Украинадаги темир конига эгалик ҳуқуқи юзасидан Британияда Виктор Пинчук билан судлашиб келмоқда.

Андрей Бородин ва Татяна Корсакова

Москва Банкининг собиқ президенти ва унинг собиқ модел, кийимлар дизайнери бўлмиш рафиқаси, Sunday Times маълумотларига кўра, 410 миллион фунт бойликка эга. Олдинги рўйхатларда улар қайд этилмаган.

2013 йилда Бородин Россия ҳукумати томонидан молиявий фирибгарликда айбланган. Бородиннинг ўзи ушбу айбловлар сиёсий важларга асосланганлиги ва бу айбловлар юзага чиқишидан бироз вақт олдин пойтахт мерлигидан кетган Лужков билан яқинлиги ҳаммасига сабаб бўлганлигини иддао қилади. Кейинроқ Британия ҳукумати унга сиёсий бошпана беради.

Ўтган йил ёзида Швецария ҳукумати Бородинга тегишли бўлган ва умумий қиймати 230 миллион фунтга тенг 20 та музлатилган ҳисоб рақамини қайта очгандан сўнг собиқ банкирнинг ишлари яна юришиб кетди.

Россия ҳукумати саъйи-ҳаракатлари томонидан Беркшир графлигидаги Бородин ва унинг рафиқасига тегишли Парк-плейс мулки 2015 йилдан бери ҳибсда ушлаб турилибди. Эр-хотин мазкур мулкни 140 миллион фунтга сотиб олган эдилар ва у Британиядаги энг қимматбаҳо шахсий уй ҳисобланади.

Эр-хотин ихтиёрида 30 дан зиёд хизматкор мавжуд. Улар ичидан Корсакованинг шахсий стилисти, веган таомлар ошпази ва йога бўйича ўқитувчини топиш мумкин.

Ўтган йили Корсакова Малдив оролларида ўзининг дам олишга мўлжалланган аёллар либослари коллекциясини намойиш қилган эди. Дизайнернинг ўзи эса қулай ва ҳамёнбоп бўлган Topshop ва H&M кийим-кечакларини яхши кўради. Айни шу кийимлар билан Москвадан келган меҳмонларни маҳлиё қилишни хуш кўради.

У фитнес ва соғлом овқатланишга бағишланган машҳур Myhandbook.com блогини ҳам юритади.

Алекс Герко

Россиялик 38 яшар математик илк бор Sunday Times рўйхатидан жой олди. У 772-ўринга муносиб кўрилган.

У ўзининг 150 миллион фунтга тенг маблағини Британиянинг GSA Capital Partners сармоя компанияси ҳамкори сифатида валюта операцияларида ишлаб топган. У GSA Capital Partners'га 2009 йилда Deutsche Bank'дан ўтган. Герко Лондоннинг Мейфер туманида XTX Markets трейдинг компаниясига асос солган.

Компаниядаги Герконинг улуши 75 фоизга тенг.

XTX Markets'га 2015 йилда асос солинган бўлиб, келаси йили компания эгаларига 168,5 миллион фунт асосий капитал билан 75,8 миллион фунт фойда келтирган.

Ирина Маландина

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Роман Абрамович ва Ириной Маландина 2004 йил

51 яшар собиқ «Аэрофлот» борт кузатувчиси ва Роман Абрамовичнинг собиқ рафиқаси ажрашиш жараёни орқали олигархдан 155 миллион фунт ундиришга муваффақ бўлган. Бундан ташқари Абрамовичнинг Ғарбий Сассексдаги 18 миллион фунтга тенг 600 гектарли уйи ҳам унга ўтган.

Орадан ўн йил ўтиб Sunday Times унинг бойлигини 160 миллион фунтга баҳоламоқда ва унга энг бой британияликлар рўйхатининг 772-ўрнидан жой берган. Ўтган йилга солиштирганда Маландина 10 миллион фунт йўқотган.

2016 йил охирида Маландина ўзининг собиқ ёрдамчиси Синтия Хоффманни ўзига моддий зарар келтиришда айблаб, судга беради. Айбловга кўра, Маландина, гўёки, Хоффман туфайли Сен-Тропедаги асл қиймати 12,7 миллион фунтга тенг виллани 30 миллион фунтга сотиб олган.

Евгений Чичваркин

Image caption Евгений Чичваркин

Евгений Чичваркин

43 ёшли «Евросеть» асосчиси ўз бизнес фаолиятини Москва буюм бозорларида майда тужжорлик қилишдан бошлаган. У 118 миллион фунт бойлик билан рўйхатнинг 964-ўрнини эгаллаб турибди.

Полиция 2008 йил сентябр ойида беш йил олдин компания хавфсизлик хизмати томонидан телефон ўгирлашда айбланган экспедиторга нисбатан ноқонуний босим ўтказиш иши юзасидан «Евросеть»нинг бош офисида тинтув ўтказади.

Орадан тахминан бир ой ўтиб, Чичваркин компанияни сотиб юборади ва ўша йилнинг декабрь ойида Лондонга кўчиб кетиб, компания билан юз берган ҳолатни таъмагирлик, деб атайди. Бир неча кундан сўнг Тергов қўмитаси унга қарши жиноий иш очади. 2011 йилда бу иш ёпилган бўлсада, Чичваркин Россияга қайтишни истамайди.

Ҳозирда у Пикадиллида уч қаватли ресторан очмоқда. Ушбу ресторан Лондондаги энг катта вино картаси (каталоги)га эга бўлиб, унда таниқли француз ошпази Олли Дабу хизмат қилади.

Image caption Балморал қасри- Қиролича мулкларидан бири

Қиёслаш учун: Британия қироличаси Елизавета II Sunday Times рўйхатининг 344-ўрнини банд қилган.

Қироличанинг шахсий бойлиги 370 миллион фунтга баҳоланади. Сўнгги бир йил ичида кўчмас мулк нархининг ошиши шарофати билан қиролича яна 10 миллион фунтга бойиган.

Букингем саройи, Виндзор қасри ва дунёдаги энг йирик коллекция ҳисобланмиш Тауэрда сақланувчи қимматбаҳо ёдгорликлар ҳукуматга тегишли.

Қироличанинг шахсий бойликлари Норфолкдаги Сандригем ва Шотландиядаги Балморал мулклари, Лондон марказидаги «Сент-Жеймс маркет» бизнес марказидаги улуш, 110 миллион фунтга тенг британ компаниялари акциялари, автомобильлар, заргарлик буюмлари ва 100 дан ошиқ отлардан иборат. Матбуотга кўра, қиролича отларининг ўзи сўнгги 30 йил ичидаги пойгалар ва мусобақаларда эгаси учун 7 миллион фунт келтирган.

Қиролича тежамкорликка катта эътибор беради. Унинг барча қароргоҳларидаги ҳожатхоналарга сувни тежовчи ускуналар ўрнатилган, отхоналарда ерга тўшаладиган хашак ўрнига майда қирқилган газета қийқимларидан фойдаланилади, Балморал саройи деворларидаги доғлар эса қиролича Виктория давридан қолиб кетган гулқоғозлар билан беркитилган.

«Қиролича уруш даврида вояга етган. Унданда тежамкор одамни топиш қийин бўлса керак,» деган эди ўз вақтида қироллик оиласининг молиявий масалалар бўйича маслаҳатчиси бўлган сер Ивлин Ротшилд ўтган йили.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар