Дунё динлари пешволари ОИТСга қарши ҳамкорликда курашишмоқчи

Деворий газета
Image caption СПИДга қарши курашишда динлар катта ҳисса қўшишлари мумкин

Дунёдаги кўплаб жамиятларда "шармандали" касаллик ҳисобланган СПИДга қарши кураш учун дунё динлари илк бора биргаликда ҳаракат қилишмоқда.

Дин пешволарининг айни касалликка муносабати доимо танқидларга сабаб бўлиб келади.

Хусусан, католик дини пешволари презерватив ишлатишга қаршилар.

Католик насронийлари эса одатда олийрутба руҳоний гапи билан яшашади.

Айримларнинг фикрича, СПИДга чалиниш - ахлоқсизлик натижаси. Бироқ бошқаларга кўра, ким бўлишидан қатъи назар касал инсонни динлар қўллаши зарур, деб айтадилар.

Негаки, бедаво касалликка чалинган кўплаб инсонлар учун айнан дин сўнгги умид ва таянч бўлиб хизмат қилиш эҳтимоли катта.

Бироқ ВИЧни юқтиришдан асровчи йўлларни ўз табааларига ўргатиш - аксар динлар олдидаги қийин масала.

БМТнинг ишонишича, динларнинг бу ишда ҳисса қўшишлари СПИДга қарши кураш самарасини кучайтиради.

Сўнгги йиллар ичида БМТ ўтказган тадқиқотларга кўра, суннат қилинган эркакларнинг ВИЧ вирусини юқтириш эҳтимоли қарийб 50% камаяди.

Айни тадқиқот олиб борилган Африкадаги ҳудудларда ҳозир ўғил болалар ва эркакларни суннат қилиш чоралари ҳам йўлга қўйилмоқда.

Бироқ дунё динларининг шу пайтгача айтиб келаётган асосий муждаси - ҳар инсон зино ва никоҳдан ташқари жинсий алоқадан тийилиши зарур.

Ҳозирги анжуман эса динда буюрилган амалларни бажармаган одамларни фақат қораламасдан, уларга меҳр-шафқат кўрсатиш бобида динларни ҳам жалб этишдир.