Яманликлар "гўдак келинлар"га қарши намойиш қилмоқда

Яманлик аёллар
Image caption Яманлик аёлларнинг чораги 15 ёшига чиқмай турмушга узатилади

Яман парламенти ташқарисида юзлаб аёллар вояга етмаган қизларнинг турмушга узатилишини тақиқловчи қонунни дастаклаб намойиш қилишган.

Ҳозирда муҳокама этилаётган қонун агар қабул қилинса, қизлар 17 ёшгача, ўғил болалар эса 18 ёшгача турмуш қура олмайдилар.

Бироқ, баъзи анъанадор мусулмонлар қонун лойиҳасига қаршилар.

Қонун лойиҳаси парламентга оширилишидан бир кун аввал минглаб аёллар унга қарши норозилик намойишини ўтказганлар.

Ҳукумат мазкур қонунни саккиз ёшар қизнинг 30 ёшли эркак билан турмуши бекор қилинганидан сўнг таклиф қилган.

Нужуд Муҳаммад Али номли бу қизалоқ Сана шаҳридаги парламент ташқарисида ўтган намойишда иштирок этган.

Agence France Presse хабар агентлигига кўра, Нужуд мазкур лойиҳа ҳеч қандай ўзгаришсиз қонун сифатида қабул қилинишига умид қилиб намойишда қатнашаётганини айтган.

Аммо, баъзи парламент аъзолари қонун лойиҳасининг қайта кўриб чиқилишини сўраб номалар топширишган.

Чақалоқлар ўлими

Душанба куни исломий руҳонийлар гуруҳи қонунни қоралаб баёнот чиқарганлар ва унинг тарафдорларини "худодан қайтганлар" дея тамғалашган.

Баёнотга имзо чекканлар орасида қонунни ўзгартириш бўйича тузилган қўмита таркибидаги депутатлар ҳам бўлгани хабар қилинади.

Парламент воизи Яҳё ал Раий агар қонун лойиҳасига ўзгартиришлар киритилса, ёш борасидаги чекловлар сақланиб қолиши, аммо уни бузганларга қарши қамоқ жазоси ва жарима шартлари бекор қилиниши мумкинлигини билдирган.

Қўмита апрель ойи охирида қонуннинг якуний лойиҳаси борасида қарорга келиши кутилади.

Лойиҳа тарафдорларига кўра, қизларнинг ўта ёш турмушга узатилиши она ва чақалоқлар орасида ўлим даражасининг юқори эканига сабабчидир.

Қизларнинг эрта эрга узатилиши, шунингдек, аёллар орасидаги саводсизликка ҳам сабабчи экани айтилади, чунки турмушга чиққан қизлар таълим олишни вақтинча ё бутунлай тўхтатиб қўядилар.

Яман араб дунёсидаги энг қашшоқ мамлакатдир. Янги лойиҳа тарафдорларига кўра, аёлларнинг чораги 15 ёшга чиқмасидан турмушга узатилади.