Нетаняху муросадан умидвор

Яҳудий жамлоқлар
Image caption Исроилнинг яҳудийлар учун қураётган жамлоқлари халқаро қонунларга хилофдир

Исроил Бош Вазири Бенямин Нетаняху Вашингтонда ўтказган музокаралари ортидан Қуддуснинг янги жамлоқлари борасида муросаага эришишга умид қилаётганини айтган.

У Исроилга қайтиш учун учоғига чиқишдан аввал Яқин Шарқ тинчлик музокараларини қайта жонлантиришнинг "олтин йўли" ҳақида гапирган, аммо Оқ Уйдан ҳеч қандай баёнот чиқмади.

Жаноб Нетаняху у ерда Президент Барак Обама билан учрашди ва АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича элчиси Жорж Митчел билан шошилинч музокаралар ўтказди.

На у, на АҚШ расмийлари нималар ҳақида гап кетганини ошкор қилишди.

Исроилнинг ишғол қилинган Шарқий Қуддусда яҳудийлар учун уйлар қуриш режалари АҚШ ва Исроил алоқаларидаги энг чуқур инқирозлардан бирига сабаб бўлмоқда.

Хабарларга кўра, Оқ Уй жаноб Нетаняхуни Исроил ва фаластинликлар ўртасида "билвосита музокаралар"ни қайта жонлантириш, ва бу йўлда барча томонларнинг ишончини қозонишга қаратилган чораларга бел боғлашга кўндирмоқчи бўлган.

Икки ҳафта аввал Исроил Шарқий Қуддусдаги Рамат Шломо жамлоғида 1600та уй қуриш режалари ҳақида эълон қилгач, фаластинликлар музокаралардан чиқиб кетишган.

Мазкур лойиҳа АҚШ Вице-Президенти Жо Байденнинг сафари чоғида эълон қилинган. Вашингтон уни "ҳақорат" дея баҳолади.

Узайтирилган сафар

Жаноб Нетаняхунинг музокаралари борасида жуда кам маълумот юзага чиқди. Би-би-сининг Вашингтондаги мухбири Ричард Листерга кўра, авваллари АҚШ ва унинг энг яқин шерикларидан бири ўртасида шунча узоқ давом этган учрашувдан бунчалар кам маълумот чиқмаганди.

Баъзи хабар агентликлари жаноб Нетаняху келгуси қадамлар учун "олтин йўл" топилгани ва бунда Исроил манфаатларини сақлаб қолиш мумкин экани ҳақида айтганини билдирганлар.

Исроилдаги манбалар эса жаноб Нетаняху ўз вазирлар маҳкамаси билан учрашмай туриб, Вашингтонга ваъдалар бера олмаслигини айтганини хабар қилишган.

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган америкалик мулозим Асошиэйтед Пресс хабар агентлигига мазкур музокаралар Исроилнинг Шарқий Қуддусдаги қурилиши борасидаги тангликни юмшата олмаганини айтган.

Чоршанба куни Оқ Уй воизи Роберт Гиббс Президент Обама жаноб Нетаняху билан "самимий" мулоқот ўтказганини, ва ундан тинчлик жараёни йўлида ишончни қозонувчи чоралар кўришни сўраганини билдирган.

Жаноб Гиббснинг қўшимча қилишича, АҚШ Исроилдан Шарқий Қуддусдаги янги уйлар қуриш режаси борасида "аниқлик" киритишни сўраган. Жаноб Нетаняхунинг сешанба куни Оқ Уйга келишидан бир неча дақиқа аввал Қуддус ҳокимияти яна бир яҳудий жамлоқни қуриш бўйича режани тасдиқлаган.

Унга кўра, асосан араблар яшовчи Шайх Жарроҳ маҳалласидаги эски меҳмонхона ўрнида яҳудий келгиндилар учун 20та янги хонадон қурилади.

Вашингтондаги Би-би-си мухбири Ким Ғаттас хабар қилишича, жаноб Нетаняху одатда Америка шерикларига кўрсатиладиган меҳмондорчиликдан баҳраманд бўлмади.

Матбуот анжумани ё дабдабали қарши олиш маросими бўлмади. Оқ Уй ҳатто учрашувнинг суратини ҳам чоп қилмаган.

Бу билан, мухбиримизга кўра, АҚШ ўз қаттиққўллигини, ҳамда Исроил ҳукуматидан хафа эканини намойиш қилиб қўймоқчи.

Фаластинликлар Шарқий Қуддус ўзларининг пойтахти бўлишини исташади, аммо Исроил шаҳарнинг бўлинишига кескин қарши.

Исроил 1967 йилда Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусни ишғол қилганидан бери қурилган 100дан ошиқ жамлоқларда ярим миллионга яқин яҳудийлар яшашади.

Бу маҳаллалар халқаро қонунга хилофдир, аммо Исроил уларни қонуний деб билади.