Покистондаги жангда жангари ва ҳарбийлар ўлган

Покистон армияси аскарлари
Image caption Ҳарбийларга кўра,Покистон Толибони раҳбари Ҳакимуллоҳ Маҳсуд қўли остидаги жангарилар армия кучлари билан жангга киришганлар

Покистон ҳарбийларига кўра, Афғон чегарасида юз берган сўнгги жангда Покистон армияси аскарлари ва Толибон жангарилари ҳалок бўлган.

Жанг қавмлар назорати остида бўлган Оракзай туманида бўлиб ўтган.

Покистон ҳарбийлари билдиришича, Покистон Толибони раҳбари Ҳакимуллоҳ Маҳсуд қўли остидаги жангарилар армия кучлари билан жангга киришганлар.

Хабар қилинишича, Ҳакимуллоҳ Маҳсуд раҳбарлигидаги жангарилар Оракзайдаги текшириш нуқтасига ҳужум қилиб, бу жойни босиб олган.

Ҳарбийлар тарқатган баёнотга кўра, жангариларга қарши ҳужум уюштирилган ва текшириш нуқтаси қайта қўлга киритилган.

Покистон расмийлари оқибатда беш аскар, камида 21 жангари ўлгани ҳақида хабар қилганлар.

Талофотлар борасидаги маълумотни мустақил манбалар томонидан тасдиқлашнинг имкони йўқ, чунки Покистон армияси фаол бўлган ушбу ҳудудларга мухбирларнинг киришларига рухсат берилмаяпти.

Ҳакимуллоҳ Маҳсуд етакчилик қилаётган қуроллилар гуруҳининг хорижлик жангарилар, хусусан, ўзбекистонлик жангарилар билан бирга амал қилишлари хабар қилинган.

Покистон армияси Жанубий Вазиристон минтақасида кенг миқёсли ҳарбий амалиётлар бошлаганидан кейин Ҳакимуллоҳ Маҳсуд гуруҳлари Афғон чегарасига яқин Оракзай ҳудудларига томон кўчиб ўтганлар, дейилади.

Оракзайдаги жангдан бир кун илгари яқин атрофдаги ҳудудлар ҳарбий учоқлар томонидан бомбардимон қилинган, оқибатда камида 11 киши ўлгани хабар қилинган.

Ҳаво ҳужумлари Толибон жангариларининг қароргоҳлари, улар машғулот ўтказадиган жойлар ҳамда жангарилар ўтирган автомобиллар нишонга олинган, дейишади Покистон расмийлари.