Аллавий ҳукумат бўйича музокараларга очиқ

Айод Аллавий
Image caption Айод Аллавий тарафдорлари иттифоқ тузиш учун аллақачон бошқа партиялар билан мулоқотларга киришган.

Ироқдаги парламент сайловлари ғолиби Айод Аллавий барча партияларга янги ҳукуматни шакллантиришда бирга ишлашни таклиф этган.

Жаноб Алловий, барча гуруҳлар, жумладан жорий Бош вазир Нури Ал-Маликийнинг шиа блоки билан мулоқотларга очиқлигини айтган.

Бош вазир Нури Ал-Маликий сайлов расмий натижаларини тан олаётгани йўқ, у бу натижаларни маҳкамага олиб чиқиш билан пўписа қилган.

Айод Аллавийнинг дунёвий партияси парламентдаги энг кўп ўринни эгаллаган, бироқ бу ўз партияси вакилларидан иборат ҳукуматни тузишга етарли эмас.

Ироқ сайлов ҳамда адлия мулозимлари Нури Ал-Маликий норозилигини кўриб чиқмоқдалар.

Бу жараён узоқ ва бўлинишларига олиб келувчи, барқарорлик томон ҳаракатларни издан чиқарувчи бўлиши мумкин, деган хавотирлар билдирилмоқда.

Айод Аллавий етакчилигидаги дунёвий Ироқия блоки парламентдаги 325 ўриндан 91 тасини қўлга киритган.

Бош вазир Нурий Ал-Маликий бошчилигидаги "Қонун давлати" эса 89 та ўринга эга бўлган.

Ироқ Миллий Иттифоқи ҳисобида эса 70 ўрин бор.

"Аллавий жаноблари йирик сондаги овоз билан ғалаба қилгани йўқ. Аммо унинг қудратга қайтиши кўпларни ҳайратга солди", дейди Би-би-си мухбири.

Ва бу Ироқ сиёсатининг мураккаб табиати ва ўзига хос бўлинишларга эга эканини намойиш қилади.

Кенг қамровли ҳукумат тузиш чақириғи

Олий Сайлов Комиссияси сўнгги натижаларни эълон қиларкан, Айод Аллавий "барча томонлар билан бирга ишлашга" ваъда берган ва бошқа барча партиялар билан мулоқотларга очиқлигини айтган.

Унинг айтишича, "Ироқия блоки барча сиёсий кучлар ва Ироқни барпо этишни истаганларнинг ҳаммасига ўз юрагини очади ҳамда биргаликда сиёсий мазҳаббозликка барҳам беради".

"Биз барча сиёсий гуруҳлар-биродаримиз, Нури Ал-Маликий бошчилигидаги "Қонун давлати"дан тортиб, Бирлашган Ироқ Иттифоқи ва Курдистон Иттифоқи ва парламентда бирон ўринни ҳам қўлга кирита олмаган бошқа гуруҳларга ҳам очиқ бўлишга қарор қилганмиз", деб айтган Айод Аллавий.

Унга кўра, янги ҳукумат кенг қамровли бўлиши ва мамлакатдаги турли тоифадаги сиёсий партиялар ва вакилларни ўз ичига олиши лозим.

Шу билан бирга жаноб Аллавий Ироқ ва унинг қўшнилари минтақавий барқарорликни ўз кун тартибларидаги асосий масалага айлантиришлари кераклигини таъкидлаган.

"Биз қўшниларимиз билан муносабатларда янги саҳифа очишимиз лозим. Бу ҳамкорлик, дўстлик ва ўзаро меҳр-муҳаббат ҳамда бир-биримизга кўмаклашишга асосланган бўлиши керак. Биз, алал-оқибат, Ироқдаги барқарорлик минтақа осойишталиги учун фойда эканини унутмаслигимиз керак", деди жаноб Аллавий.

Айни пайтда унинг тарафдорлари иттифоқ тузиш учун аллақачон бошқа партиялар билан мулоқотларга киришиб кетишгани хабар берилади.

Миллий телевидиние орқали чиқишида эса жорий Бош вазир Нури Ал-Маликий сайлов натижаларини қонун йўли билан савол остига олишини билдирган.

Аммо БМТнинг Ироқ бўйича махсус вакили Эд Мелкерт сайлов жараёни ишончга лойиқ ўтганини айтган ва барча томонларни натижаларни қабул қилишга чақирган.

Американинг Ироқдаги элчиси Кристофер Хилл ва АҚШ бош қўмондони Генерал Рэй Одиерно ҳам сайлов кузатувчиларининг хулосаларини дастаклашлари ва 7-март кунидаги овоз бериш жараёнларида жиддий қаллобликлар кузатилмаганини айтишган.

АҚШ қўшинларини август ойи охиридан бошлаб олиб чиқиб кетиш режаланаркан, ишончли сайлов жараёни Ироқда барқарорлик ўрнатиш учун ўта муҳим деб кўрилади.