Обама Афғонистонга илк бор сафар қилмоқда

Барак Обама
Image caption Барак Обама асосий мақсади Афғонистонда тинчлик ўрнатиш эканини таъкидлаб келади

АҚШ президенти Барак Обама сайланганидан буён Афғонистонга илк бор ташриф буюрди.

Ўзининг қисқа сафари жараёнида, унинг Афғонистон президенти Ҳомид Карзайга коррупция ва наркотиклар контрабандасига қарши қатъийроқ курашишни талаб қилиши кутилмоқда.

Президент Обама шунингдек Афғонистондаги АҚШ кучлари ва расмийлари билан учрашади.

Ўтган декабрда жаноб Обама Афғонистонга қўшимча 30 минг қўшин юборишга буйруқ берган ва 2011 йил ўртасидан бошлаб у ердан АҚШ ўз қўшинларини олиб чиқа бошлашини эълон қилганди.

Ҳозирга қадар Афғонистонга бир неча минг қўшин келган холос.

АҚШ расмийлари қолган кучларнинг ёз мавсумида етиб келишини айтадилар.

Кобулдаги Би-би-си мухбири Мартин Пэйшнснинг айтишича, хавфсизлик хавотирлари сабаб жаноб Обаманинг Афғонистонга сафари ҳақида жаноб Карзайга бор-йўғи бир соат олдин хабар қилинган.

Мухбирларга кўра, АҚШ президентининг Афғонистонга сафари қисқа бўлса-да, рамзий жиҳатдан катта аҳаммиятга эга.

Жаноб Обама 14 ой муқаддам президент этиб сайланганидан буён Афғонистондаги АҚШ қўшинлари сонини деярли икки бараварга кўпайтирди.

Ҳозирда Америка кучлари Афғонистон жанубидан Толибонни сиқиб чиқариш бўйича йирик амалиётни ўтказаётир.

АҚШ расмийларининг айтишларича, жаноб Обама Кобулда экан жаноб Карзай ва бошқа афғон расмийлари билан "илгарида турган вазифалар"ни муҳокама этади.

АҚШ президенти Карзай ҳукумати олиб бораётган сиёсатдан норози ва Вашингтон буни Кобулга билдириб қўймоқчи, дея таъкидлашади Би-би-сининг Кобулдаги мухбирлари.

Америка президентини Багромдаги АҚШ ҳарбий ҳаво базасида Афғонистондаги АҚШ кучлари қўмондони, генерал Маккристал ва АҚШ элчиси Карл Эйкенберри кутиб олган.

Барак Обама сўнгра вертолётда Кобулдаги президент саройига учган ва у ерда Ҳомид Карзай билан учрашган.