Меркелнинг Туркияга сафари таранг алоқалар манзарасида кечмоқда

Ангела Меркел
Image caption Меркел хоним Эрдўғоннинг Олмонияда турк мактабларини очиш қарорини рад этган

Олмония Канцлери Ангела Меркел расмий сафар билан Туркияга келган, аммо унинг ташрифи Анқаранинг Оврўпо Иттифоқига қўшилиш режаси атрофидаги можаро соясида қолмоқда.

Меркел хоним Туркиянинг Оврўпо Иттифоқига тўла қўшилишига қарши.

Туркия 2005 йилда иттифоққа аъзо бўлиш йўлида музокараларни бошлаганди.

Олмониядаги турк болаларнинг турк тилида ўқитилиши борасида ҳам ўзаро келишмовчиликлар юзага чиққан.

Олмония Туркиянинг энг йирик савдо шеригидир. Деярли уч ярим миллион турк Олмонияда яшайди.

Туркиянинг Оврўпо Иттифоқи билан совуқлашган муносабатларига Меркел хонимнинг сафари ёрдам берадиган кўринмайди.

Бир неча ойдирки мазкур мавзуда гапиришдан бош тортиб келаётган олмон канцлери Туркияга сафари арафасида Туркияга Оврўпо Иттифоқининг тўла аъзоси эмас, балки "имтиёзли шериги" мақомини бериш кераклиги ҳақида гапирган.

Меркел хоним келажакда Туркия иттифоққа қўшилиши мумкинлиги, аммо у аввало Оврўпо Иттифоқи қонунларидаги 28та модда шартларини бажариши кераклигини урғулаган.

У "имтиёзли шериклик" ҳақида илк марта олти йил аввал, олмон мухолифати сафида хизмат қилаётган даврида гапирганди.

Бу мақомга кўра, Туркияга Оврўпо Иттифоқининг кўп жабҳаларига қўшилиш таклиф этилади, аммо у иттифоқ бюджети, қишлоқ хўжалиги имтиёзлари ва овоз бериш ҳуқуқлари каби соҳаларга қўшила олмайди.

Ўшанда у ўз таклифи билан чиққанида, Туркия дарҳол уни рад этганди.

Image caption Юнон ва турклар ўртасида бўлиб олинган Қибриз ороли Туркиянинг иттифоққа қўшилиш музокараларидаги энг катта тўсиқдир

Сўнгра 2004 йил декабрида Туркия мутлақ аъзолик учун "расмий номзод" сифатида музокараларни бошлади.

Яқин ойларда Меркел хоним ўзининг "шериклик" таклифи борасида оғиз очмай келаётганди.

Бу сафар ҳам унинг бу таклифини Туркия ҳукумати қаттиқ рад этган ва уни беш йил аввал бошланган музокараларда эришилган шароитларга хилоф деб атаган.

"Ҳақорат"

"Имтиёзли шерик деган нарса ўзи умуман йўқ," - деди Туркиянинг Оврўпо масалалари бўйича вазири Эгемен Боғиш.

"Шундай экан, бундай таклифни жиддий қабул қила олмаймиз, чунки унинг қонуний асоси йўқ. Баъзиларида аслида мавжуд бўлмаган нарсаларни таклиф қилишганидан ўзимни ҳақоратланган сезаман."

Ёшлигида футбол ўйнашга қаттиқ қизиққан Бош Вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон эмас Меркел хонимни пенальти зарбасидан олдин дарвоза устунларини суришда айблаган.

Иттифоққа қўшилиш шароитлари ҳақида гап кетганда, Туркия шу вақтгача фақат 12 модда бўйича музокаралар очган. Саккизтаси Туркиянинг Қибриз ҳукуматини тан олиш ва Қибриз кемаларига ўз портларини очишдан бош тортиши туфайли музлаб қолган.

Бўлинган Қибриз борасида тинчлик битимига эришилмас экан, музокаралар илгари силжимайди.

Канцлер хоним Туркияда муҳокама қиладиган бошқа масалалар ҳам талайгина. Мисол учун, Эрон ядровий дастури.

Туркия яқин ойларда Эрон билан алоқаларини мустаҳкамлаган ва Ғарб ҳукуматларининг Эронга қарши қаттиққўл чоралар киритиш таҳдидига қарши чиқмоқда.

Аммо, уларнинг Оврўпо Иттифоқига аъзолик борасидаги келишмовчилиги сафар чоғида келишиладиган ҳар қандай келишувга соя солиши тайин.