Москва метросидаги портлашларда ўнлаб инсонлар нобуд бўлган

"Лубянка" станциясидаги портлаш қурбонига ёрдам
Image caption Москва расмийларига кўра, портлашлар террорчилик ҳодисаларидир

Москва метросида эрталабки гавжум соатларда икки худкушлик ҳужуми содир этилган.

Расмийларга кўра, 38 инсон нобуд бўлган.

Жароҳатланганлар сони 70 дан ортиқ экани хабар қилинган.

Бомба портлашлари маҳаллий вақт билан эрталабки соат 7.52 ва 8.36 да рўй берган.

Москва милициясидан билдиришларича, "Лубянка" станциясида юз берган илк портлашда метро вагони йўловчиларидан 14 киши, станция ичкарисида 11 инсон ҳаётдан кўз юмган.

Орадан 40 дақиқача ўтиб, иккинчи портлаш "Парк культуры" станциясида содир этилган.

Москва расмийлари портлашларни террорчилик амали дея таърифлаган, прокуратура айни банд бўйича жиноий иш очган.

Россия Федерал Хавфсизлик хизматига кўра, портлашларни икки худкуш аёл содир этган.

Москва метросидаги портлашлардан сўнг олинган суратлар

Москва метроси дунёдаги энг гавжум метролардан ҳисобланади, у бир кунда 5 миллион 500 минг атрофида йўловчи ташийди.

Москва метросининг "Соколническая" ва Таганско-Краснопресненская йўналишларидаги "Лубянка" станцияси Россия Федерал Хавфсизлик хизматининг бош қароргоҳига яқин станциядир.

Россия Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги сўзчиси Ирина Андрианованинг айтишича, "Лубянка" станциясида турган поезднинг иккинчи вагонида илк портлаш юз берган, портлаш кучидан ҳам вагондаги, ҳам платформада турган инсонлар ҳалок бўлган.

Иккинчи портлаш бўлган "Парк культуры" станцияси ҳам Соколническая йўналишида жойлашган.

Портлашлардан кейин Москва милицияси шаҳарда назоратни кучайтирган, фуқаролар ҳушёр бўлишга чақирилмоқдалар.

Москва метросида 2004 йилда бомба портлашида 39 инсон ҳалок бўлган эди, орадан олти ой ўтиб, худкуш ҳужумчи метро станцияси ташқарисида ўзини портлатиб юборган, оқибатда 10 киши нобуд бўлган эди.

Ушбу икки ҳужумда ҳам чечен бўлгинчиларини айблашган.

Ўтган йили ноябрида Москвадан Санкт-Петербург кетаётган поезд портлаган, 26 инсон умрига зомин бўлган ушбу ҳужум учун масъулиятни ўзларини Қофқоз Мужоҳидлари деб атаган гуруҳ зиммасига олган.

Россия Федерал Хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников ҳужумлар афтидан Шимолий қофқозлик гуруҳлар иши эканини айтган.

Президент Дмитрий Медведев мамлакат бўйлаб кескин хавфсизлик чоралари ўрнатилишига буйруқ берган ва Россия террорчиларга қарши охиригича курашишини айтган.

Россия Президенти Медведев "Лубянка" станциясидаги фожеа рўй берган жойга борган, ҳалок бўлганлар хотирасига гулчамбар қўйган.

Сибир бўйлаб сафарда бўлган Бош вазир Владимир Путин пойтахтга қайтишга қарор қилган.

Кўплаб мамлакатлар раҳбарлари бегуноҳ инсонлар ўлимига сабаб бўлган ҳужумларни қоралаганлар, Россия раҳбариятига таъзия изҳор этилган.

Таҳлилчиларга кўра, ушбу ҳужумларнинг таъсири мамлакатда қаттиққўл сиёсат юритишни афзал кўрадиганларга қўл келади.

Би-би-си таҳлилчиси Андрей Остальский фикрича, бу ҳужумларга қарши кўрилган чоралар Владимир Путиннинг 2012 йилда яна президентликка қайтиш имкониятини кенгайтиради.

Москвадан олинаётган хабарларга кўра, ҳужумлардан кейин одамлар орасида бошқа жойлардан Россия пойтахтига борганларга нисбатан шубҳа, ёвқараш янада кучайган.

Интернет-блогерлари ёзишича, метрога тушган икки муслима аёлга ҳужум қилинган, ташқи кўриниши қофқозлик бўлган икки инсон калтакланган.

Бу мавзуда батафсилроқ