Озарбайжонда 'террорчи гуруҳ' ҳибсга олинган

Озарбайжон харитаси
Image caption Озарбайжонда бир гуруҳнинг хибсга олингани ҳақидаги хабар Москва метросига уюштирилган бомба ҳужуми ортидан тарқатилган

Озарбайжон расмийлари мактаб ёки болалар боғчасига террорчилик ҳужумуни уюштиришни режалаштирган бир чеченистонлик дохил 8 кишилик гуруҳ ҳибсга олинганини ошкор этганлар.

Хавфсизлик вазирлиги тарқатган баёнотга кўра, беш эркак ва уч аёлдан иборат ушбу гуруҳ март ойи ўрталарида ҳибсга олинган.

Озарбайжон Хавфсизлик вазирлиги баёноти Москва метросида икки худкуш бомба ҳужуми содир этилишидан 24 соат ўтмасдан эълон қилинган.

Озарбайжон Хавфсизлик вазирлигига кўра, ҳибсга олишлар Бокудаги бир мактабда яширилган катта миқдордаги қурол-яроғ топилиши ортидан бошланган.

Гумон остига олинган одамлардан бири худди шу мактабда ишлаган.

Вазирлик расмийларига кўра, бу гуруҳ Гуржистон чегаралари оша Озарбайжонга қурол-яроғ келтирган.

Гуруҳ аъзоларидан бири Чеченистондан экани айтилмоқда. Қолганлари эса Озарбайжон фуқароларидир.

Бу шахслар қачон ва қандай қилиб ҳужумларни уюштирмоқчи бўлишган - маълум эмас.

Лекин таҳлилчилар бу гуруҳ режаси ва 2004 йилги Беслан фожеаси ўртасида боғлиқлик бор бўлиши мумкинлигига ишора қилишаяпти.

Ўшанда Бесландаги бошланғич мактабда чечен бўлгинчилари мингдан зиёд болани гаровга олишганди.

Шимолий Қафқоздаги айни ҳодисада юзага келган отишмаларда 330 дан зиёд инсон нобуд бўлган.

Дунёвий Озарбайжон ҳукумати газ ва нефтга бой бу мамлакатда экстремизм хавфи ошиб бораётганидан хабардор.

Баъзилар эса Шимолий Қафқоздаги зўравонликлар бизга сизиб кириши мумкин, деган хавотирда.

Ҳукумат эса бир неча террор фитналарини фош этиб, тўхтатиб қолганини айтишмоқда.

Булар орасида ғарб элчихоналари ва нефть корхоналарига қарши режаланган ҳужумлар ҳам қайд этилади.

Аммо танқидчиларга кўра, экстремизм таҳдидини баҳона қилаётган Озарбайжон ҳукумати амалда муайян диний гуруҳларга қарши чекловларни кучайтирмоқда.