Франция Давлат Кенгаши бурқани таъқиқлашга қарши

ниқоб ўраган аёл
Image caption Францияда ниқоб ва бурқа ўраган аёллар сони 2 мингдан ошмайди

Франция Давлат Кенгашига кўра, муслималар юзларини ҳам бекитадиган ниқоб ва бурқани таъқиқлаш қонунга зид тушиши мумкин.

Франция президенти Николя Саркози эса юзни ҳам бекитувчи бурқага ўраниб юриш "дунёвий Францияга тўғри келмайди," деган важ билан ниқоб ва ҳижоб борасидаги қонунларни кучайтиришни истайди.

Францияда бирор йирик қонун кучга киришидан аввал Давлат Кенгашидаги юқори малакали қонуншунослар фикр билдиришади.

Бу гал Давлат Кенгаши ҳукуматнинг бурқани чеклаш режалари ҳақида фикр билдирди.

Давлат Кенгашига кўра, юзни беркитувчи ниқоб ёки бурқани чеклаш амали маҳкамаларда бой берилади.

Кенгаш фақат хавфсизлик мақсадидагина мактаб, касалхона ёки маҳкамаларда аёллардан юзларини очиш талаб этилиши мумкинлигини маслаҳат беради.

Кўплаб қонуншуносларга кўра ҳам, бурқани буткул таъқиқлаш Оврўпо маҳкамаларида аёлларнинг нима кийиш бўйича энг оддий ҳуқуқларини бузиш бўлиб чиқади.

Францияда ҳаммаси бўлиб 2 мингга яқин хотин-қиз бурқа ўрайди.

Лекин айримларга Франция мусулмонлашиб кетаётгандек кўринмоқда, дея хабар беришади Би-би-си мухбирлари.