Туркия ҳукумати: 'Нонни исроф қилманг!'

Туркча нон
Image caption Турклар ерга тушган нонни олиб, ўпишади ва пешоналарига суртадилар...

Туркия ҳукумати нонни исроф қилишга қарши тарғибот кампаниясини бошлаган. Туркия ун маҳсулотлари истеъмол қилиш бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди.

Туркияда ҳар куни 123 миллион дона нон сотилади, яъни киши бошига қарийб иккитадан нон тўғри келади. Ҳукуматга кўра, бу нонлардан олти миллионтаси емасдан, ташлаб юборилади. "Нон муқаддас. У ҳаётимиздаги энг азиз нарсалардан бири. Нонни исроф қилманг!" Туркия ҳукумати бошлаган янги кампания ана шу шиорлар билан бошланади.

Ҳукумат веб саҳифасидаги филмда туркларнинг нонни эъзозлаш анъанаси эсга солинади. Ўтмишда турклар ерга тушган нонни олиб, ўпишган ва сўнгра пешоналарига суртиб, баландроқ жойга олиб қўйганлар.

Тарғиботдан мақсад - одамларнинг нонга муносабатларини ўзгартириш. Туркияда овқатни нонсиз истеъмол қилишни тасаввур қилиб бўлмайди. Бу ерда ҳар бир муюлишда битта новвойхонани кўрасиз. Расталар бир кунда бир неча марта янги ёпилган, иссиқ нонлар билан тўлади.

Таомхоналарга кириб ўтиришингиз билан саватчада тўла нон келтирилади ва ҳали ярмини еб бўлмасингиздан туриб, янгиланади. Натижада ҳар куни олти миллион нон ташлаб юборилади, улардан икки миллиони Истанбулга тўғри келади.

Истанбул шаҳар ҳокимлигининг айтишича, исроф қилинаётган бу нонларнинг пулига ҳар йили 700 та янги автобус сотиб олиш ёки 25 та янги шифохона қуриш мумкин. Аммо, нон Туркияда арзон.

Давлатнинг ўз новвойхоналари бор ва уларда 1 долларга тўртта нон сотиб олиш мумкин. Баъзи иқтисодчилар фақат нархни кўтариш йўли билангина исрофгарчиликка чек қўйиш мумкинлигини айтишади.

Аммо камбағалроқ аҳоли орасида кучли дастакка эга бўлган жорий ҳукумат бу каби қадамга бормайди.