Президент Ҳомид Карзай Қандаҳорда қавм раҳбарлари билан учрашди

Карзай
Image caption Карзай жаноблари аввало порахўрликка барҳам бериши керак

Президент Ҳомид Карзай АҚШ ва НАТО етакчилигидаги кучлар қўмондони Генерал Станли Маккристал билан бирга жанубий Қандаҳор вилоятига сафар қилди.

Бу жанубда олиб борилиши режаланаётган навбатдаги йирик ҳарбий амалиётга ҳозирликнинг бир қисми экани айтилади.

Аммо, қўшни Ҳелманд вилоятидан фарқли равишда Қандаҳордаги сиёсий вазият нозикдир.

Афғонистон раҳбари Қандаҳорда қавм оқсақоллари ва раҳбарлари билан учрашди. Расмийлар бундай йиғин йиллар давомида илк бор кузатилганини айтишади.

Президентнинг Қандаҳорга Генерал Станли Маккристал билан бирга келишидан мақсади жанубда йўлга қўйилиши режаланаётган яна бир йирик ҳарбий амалиётни дастаклаш ва у ердаги қавм раҳбарларининг ҳам қўллаб-қувватловини олиш эди.

Аммо, бундан олдин унинг ўзи амалга ошириши керак бўлган ишлар борлиги аниқ.

Илк йиғинда оқсақоллар бирин-кетин туриб, Президентга баланд овозда, ғазаб билан, айримлари бақириб, гапира бошлашди.

Улар полициянинг коррупцияга ботгани, расмий доирадаги порахўрлик ва нотинчликлардан шикоят қилишди. Президент йиғин иштирокчиларига маҳаллий пуштун тилида: "Юракларингизда борини менга ёринг",-деб мурожаат қилди.

"Мен ундай қилолмайман",- дея жавоб берди қавм бошлиқларидан бири.

"Террорчилар мени ўлдирадилар",-деди у. Бу билан Толибоннинг қудрати вилоятда кучайиб бораётганига ишора берилди.

Аммо, бир ярим минг нафар қавм вакиллари иштирокида ўтган йиғиндан чиқарилган хулоса шуки, улар бу яқин орада афғон ва НАТО етакчилигидаги кучлар тарафидан ўтказиладиган ҳеч қанақа ҳарбий амалиётга тайёр эмаслар.

Президент оқсақолларни уларнинг дастакларисиз бирон бир амалиёт йўлга қўйилмаслигига ишонтирди.

Жаноб Карзай бундан олдин жуда кўп нарсани тузатиши лозимлигини англаб етди.

Бу мавзуда батафсилроқ