Лавров: 'Россия ядровий қуролларга оид шартномадан чиқиши мукин'

Сергей Лавров
Image caption Янги шартномага мувофиқ, АҚШ ва Россия ядровий каллакларни 30 фоизга қисқартириши зарур

Прагадаги олиймақом учрашувига икки кун қолганда, Россия стратегик қуролларни назорат қилишга оид янги шартномадан чиқиши мумкинлигини билдирди.

"Агар АҚШ ракета ҳужумига қарши тизим дастурини сон ва сифат жиҳатдан такомиллаштирса, Москва стратегик қуролларни назорат қилишга оид янги битимдан чиқиши мукин," дея огоҳлантирди Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Сергей Лавров, шунингдек, АҚШнинг Булғористон ва Руминия ҳудудида ракета ҳужумига қарши тизимни жойлаштириш режасидан қайтишга чақирди.

Россия Ташқи ишлар вазирининг айтишича, ҳозирда глобал стратегик барқарорлик жараёнининг бузилишига йўл қўймаслик керак.

“Бунинг учун биринчи навбатда келажакда ядровий қуролларнинг фазога чиқарилишига йўл қўймаслик зарур. Глобал стратегик барқарорлик жараёнига хатар туғдираётган яна бир омил - стратегик ҳужум қуролларини ядровий бўлмаган қуролларга ўзгартириш," деб айтди Сергей Лавров.

Олдинроқ АҚШнинг Булғористон ва Руминия ҳудудида ўрта масофага парвоз қиладиган ракеталарини жойлаштириш режаси Кремль расмийларининг норозилигига сабаб бўлганди.

Айни вақтда кузатувчилар фикрларича, Прага музокораларига икки кун қолганда, расмий Москва тарқатган бугунги баёнот, Россия томонининг стратегик қуролларни қисқартиришга оид музокоралардан қоникмаганидан далолат беради.

АҚШ ва Россия орасидаги стратегик қуролларни қисқартиришга оид янги шартнома шу йилнинг 8 апрелида Чехия пойтахти Прагада имзоланиши белгиланган.

Янги шартномага мувофиқ, АҚШ ва Россия келгуси 7 йил давомида ўз ихтиёрларидаги ядровий каллаклар сонини 30 фоизга, яъни 1500 тадан 1675 тагача қисқартиришлари лозим бўлади.