Қирғизистондаги воқеалар жаҳон ва минтақа матбуоти нигоҳида

Image caption Ғарб матбуоти Қирғизистондаги воқеалар ортида Россия тургани ҳақида ёзган

Британияда чиқадиган "Гардиан" рўзномаси Қирғизистондаги воқеаларни "рус инқилоби" деб атаган ва янги "Катта ўйин"да Путинниг ғалаба қозонаётганини айтган.

Жаноб Путиннинг "на Россия, на каминаи камтарин ва на Россия мулозимларининг бу воқеаларга алоқаси йўқ" деган сўзларини келтирган "Гардиан" рўзномаси Россия Бош вазирининг Бишкекдаги янги қудратни тан олишга шошилганига эътибор қаратади.

Аммо рўзномага кўра, Москванинг воқеаларга алоқадорлиги ўртага чиққани тақдирда бу ҳеч кимни ҳайратга солмаслиги керак.

"Қирғизистон ва Марказий Осиёдаги бошқа собиқ совет давлатларида Россиянинг "Макиявеллиона" ўйинлари Путин даври учун оддий ҳолга айланди", деб ёзади "Гардиан".

Рўзномага кўра, Президент Бакиевнинг икки хил ўйини Кремлнинг жиғига теккан.

"Гардиан" жаноб Бакиев Россиянинг 2 миллиард долларлик кредити эвазига Манасдаги АҚШ базасини ёпишга ваъда бергани, аммо бу ваъдасининг устидан чиқмаганини хотирлатади.

Устига, "Гардиан"га кўра, Қирғизистоннинг АҚШ генерали Девид Петреус билан аксилтеррор марказини тузиш борасидаги келишуви Москванинг ғазабини қўзғаган.

Рўзнома одатда инсон ҳуқуқлари ҳақида қайғурмайдиган Россия телеканалларининг сўнгги ойларда бирданига жаноб Бакиев ва оиласини коррупция ва қариндош-уруғчиликда айбланган лавҳаларга ўрин беришини афтидан тасодиф эмас, деб баҳолайди.

АҚШнинг Бишкек яқинидаги ҳарбий базасининг тақдири ғарб матбуотининг Қирғизистондаги воқеалар билан боғлиқ эътибор қаратган энг асосий жиҳатларидан.

"Кришчан Сэйнс Монитор" рўзномаси "Қирғиз ҳукуматининг ағдарилиши Манас ҳаво базасининг бой берилишини англатадими?" деган саволни қўяди.

Рўзноманинг ёзишича, ғарблик таҳғлилчиларнинг бу борадаги фикрлари турлича.

Собиқ совет сиёсатида қариндош-уруғчиликнинг муҳим рол ўйнаши ҳақида ёзган рўзнома Марказий Осиё масалалари бўйича таҳлилчи еодор Карасикнинг "ҳокимиятга келаётган янги клан Қўшма Штатлар билан сердаромад келишувга эришишга ҳаракат қилиши мумкин", деган сўзларини келтиради.

Рўзноманинг ёзишича, Қўшма Штатлар Афғонистонга қўшимча кучлар юбораётган бир пайтда Манаснинг ёпилиши қийин вазиятни юзага келтиради.

Рўзнома лондонлик таҳлилчи Оксана Антоненконинг "Манаснинг ёпилиши жуда катта зарба бўлади. Генерал Петреус ва генерал Маккристал Бакиевни базани ёпмасликка ишонтириш учун жуда катта ғайрат сарфлашган" деган сўзларини келтиради.

'Иккинчи Лола инқилоби'

Россия матбуоти Қирғизистондаги воқеаларни кенг ёритган.

Россия рўзномалари Президент Бакиевнинг ағдарилишини Вашингтон ва Москва ўртасида минтақада устунлик учун бораётган рақобатга боғлайди.

"Коммерсант" рўзномаси воқеаларни "иккинчи Лола инқилоби" деб тасвирлаган.

Мақола муаллифи Бек Орозалиев Россия Бош вазири Путиннинг баёнотида Кремлнинг Президент Бакиевдан норолик белгиларини кўрган.

Унга кўра, жаноб Путиннинг Бакиевни танқид қилгани "Москва аллақачон танлов қилгани"ни англатади.

Муаллифнинг ёзишича, бунга жаноб Бакиевнинг АҚШ базасини мамлакатда қолдириш қарори асосий сабаб бўлган.

Коммерсантга кўра, Москва анчадан буён Америка базасини йўқотишга ҳаракат қилиб келаётган эди.

"Независимая газета" ҳам Россия мулозимларининг Президент Бакиевдан мамнун бўлмагани ҳақида ёзади.

"Московский комсомолец" рўзномасига кўра эса, Қирғизистондаги сўнгги воқеалар манзарасида Марказий Осиёда демократия ўрнатиш ҳаракатлари пучга чиққан.

'Ўйин қурбони'

Қирғизистоннинг яна бир қудратли қўшниси бўлган Хитой матбуоти эса, воқеаларни ғарб услубидаги рангли инқилобнинг такрорланиши сифатида кўради.

Инглиз тилидаги "Глобал Таймс" рўзномаси "собиқ совет ҳудудини ўз забтига олган рангли инқилоблар "рангсизлашмоқда", деб ёзган.

Шангхайда чиқадиган Jiefang Ribao рўзномаси Президент Бакиевни қудратли давлатлар ўртасидаги ўйин қурбони, деб атаган.

Рўзномага кўра, Қирғизистон қудратли давлатлар ўртасидаги курашдан имкон қадар кўпроқ нарса ютишга ҳаракат қилиб келаётган эди.

"Афсуски, Бакиев дипломатияни бой берди. У томонлардан бирининг кўнглини ололмади", деб ёзади рўзнома.

Қирғизистонга қўшни Ўзбекистон ва Туркманистонда расмий матбуот воқеаларни кўрмасликка олган.

Қозоғистоннинг давлат телевидениеси намойишларни ёритган, аммо асосий эътиборни намойишчилар содир этган бузғунчиликларга қаратган.

Тожикистоннинг "Миллат" рўзномаси воқеаларни Америка ва Россия ўртасидаги рақобатга боғлайди.

Рўзномага кўра, Қирғизистонда АҚШ ва ғарб таъсирининг кучайиб бораётганидан хавотирга тушган Москва қирғиз расмийларига босимни кучайтирган.

.