Польша президенти учоқ ҳалокатида нобуд бўлди

Фожеа саҳнаси
Image caption Учоқ бортидаги 130дан ошиқ инсон ҳалок бўлган

Польша Президенти Лех Качиньскийни олиб учаётган Ту-154 учоғи Россиянинг Смоленск вилоятида қулаши оқибатида учоқ бортидаги 132 кишининг барчаси ҳалок бўлган.

Расмийларга кўра, президент учоғи Россия ғарбидаги Смоленск аэропортига қуюқ туман шароитида қўнишга шайланаётганда қулаган.

Воқеа саҳнаси туширилган видео ўрмон атрофида учоқ парчалари сочилиб ётгани ва баъзилари ҳали ҳам ёнаётганини намойиш қилган.

Президент Качиньский билан ҳалок бўлганлар орасида унинг рафиқаси Мария ва Польша Марказий Банки раҳбари Славомир Скржипек, Польша дипломатлари, парламент аъзолари ва тарихчилар ҳам бор.

Польша президенти Иккинчи Жаҳон Урушида совет жосуслари томонидан Катинь ҳудудида 20 минг поляк ҳарбийлари қириб ташланишининг 70 йиллик хотирлаш маросимида қатнашиш учун делегацияга бошчилик қилаётганди.

Смоленск вилоят расмийларига кўра, қуюқ туман туфайли учоқ учувчиларига Минск ёки Москвага қўниш таклиф этилган, аммо учувчилар туманга қарамай Смоленск аэропортига қўнишга қарор қилишган.

Баъзи хабарларга кўра, учоқ тўртинчи марта қўнишга ҳаракат қилган. Айтилишича, учоқнинг бир қаноти дарахтлар учига урилиши оқибатида қўниш йўлагига етмай қулаган.