Хитой Эронга қарши жазо чоралари қўлланишига рози бўлиш ниятида эмас

Эрон ва Хитой байроқлари
Image caption Хитой БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан Эронга қарши жазо чораларини қўлланишига қарши ягона давлатдир

АҚШ ва Хитой президентлари Бирлашган Миллатларнинг Эронга қарши жазо чоралари борасидаги янги резолюцияси устида бирга ишлашга келишиб олди.

Бироқ Хитой яна бир марта Эроннинг ядровий дастури атрофидаги баҳсни жазо чоралари билан ҳал қилиш мумкин эмаслигини такрорлади.

Икки давлат раҳбарлари Президент Обаманинг ташаббуси билан ўтказилаетган ядровий хавфсизликка оид анжуман олдидан учрашганлар.

Америкаликлар Эронга Қарши Янги жазо чоралари борасида Хитойни бир қадар олдинга силжитганларига ишонишмоқда.

Аммо Хитой томонининг Президент Обама ва Президент Хунинг учрашувига оид эҳтиёткорона баёноти мазмунидан англашилишича, олдинда ҳали машаққатли дипломатия турибди.

Кўп жиҳатдан Хитойнинг Эрон нефтига қарамликдан келиб чиқадиган фарқли мавқейи ўзгаришсиз қолмоқда.

Вашингтон билан Пекин ўртасидаги оҳанг сўнгги ойларда ижобий томонга ўзгарган.

Аммо бу оҳангни Эрон борасидаги аниқ сиёсатга айлантириш учун ҳали вақт керак бўлади.

Амрика ва Хитой ўртасидаги мураккаб алоқалар икки давлат ва дунё учун жуда муҳим.

Тайван ва Хитой пул бирлигининг қиймати юзасидан бир неча ой давом этган баҳслар ортидан Вашингтон ва Пекин ҳамкорлик қилиш истагини намойиш этмоқда.

Президент Хунинг Вашингтондаги саммитда иштирок этаётганининг ўзи яхши белги, аввалроқ унинг саммитга бориши савол остида эди.

Хитой раҳбарияти жаҳон саҳнасида тобора фаолроқ рол олишга тайёрлигини кўрсатмоқда.

Аммо Пекин ўзининг халқаро мавқейи ўсиб бораётганини англаш билан бирга, чегараларнинг борлигини ҳам яхши билади.

Обама маъмурияти учун ҳам Хитой билан муносабатлар катта синов.