Исландиядаги вулқон Оврўпою Осиёдаги парвозларни фалажлаб қўйди

Франкфурт

Исландия вулқонидан кўтарилиб, Оврўпо устига тарқалган кул ва қум қитъадаги ҳаво парвозларини фалажлаб қўйди.

Учоқларнинг двигателларини ишдан чиқаради, деган хавотирда бир кеча-кундузда Оврўпо мамлакатлари бўйлаб амалга ошириладиган 28 минг парвознинг 16 мингтаси бекор қилинган.

Аэропортларда миллионлаб йўловчилар тўпланиб қолганлар.

Жума куни режадаги парвозларнинг 60 фоизи бекор қилинган. Ҳаво қатнови назоратчиларининг айтишларича, кул тутуни Оврўпонинг жануби ва шарқига қараб ёйилиб бораркан, шанба куни ҳам учоқлар парвозида жиддий узилишлар кузатилади.

Бу каби вазиятдан азоб чекаётган давлатларнинг рўйхати узайиб бориб, Россияга қадар етган.

Олмониянинг 16 аэропортидан бирортасида учоқлар қатнови амалга оширилмаяпти.

Оврўпонинг энг йирик қатнов нуқталаридан бўлган Франкфуртда эса, аэропорт биноси аро йўлда қолган йўловчилар учун вақтинчалик бошпанага айлантирилган.

у ерда бир ярим мингта фавқулодда ўрин-жой ҳозирланган, кампаллар, озиқ-овқат ва ичимлик сувлари келтирилган.

Учоқлар парвозига чеклов киритишларини эълон қилган давлатлар қаторига энди Можаристон, Швейцария ва Руминия ҳам кирган.

"Бошқа чорамиз йўқ"

Оврўпо Ҳаво Қатнови Назорати Хавфсизлиги идорасидан Жо Султананинг айтишича, мавжуд вазиятда эҳтиёт чораларини кўришдан бошқа танловлари йўқдир:

"Ҳар бир давлат ва ҳаво қатнови хизмати таъминотчисининг қарори парвоз хавфсизлигини ўйлаб бериляпти. Чунки Халқаро Фуқаро Авиацияси маъмурияти томонидан ишлаб чиқилган махсус тартиб-қоидалар бор. Мавжуд вазиятга муносабатимиз ҳаддан зиёдми ёки ҳаминқадарми, мен бу хусусда ҳеч нарса деёлмайман. Аммо, менимча, ҳар бир киши йўловчиларнинг хавфсизликларини ўйлаб, иш тутяпти," дейди жаноб Султана.

Оврўпода учоқлар қатнови билан боғлиқ вужудга келган вазият бутун дунё бўйлаб ўз таъсирини ўтказмай қолмаган. Бунинг оқибатида дунёнинг қолган қисмидаги аэропортларда ҳам учоқлар парвози кечиккан ёки бекор қилинган. Токио аэропортидаги йўловчилардан бири ўз аҳволларини мана бундай тушунтиради:

"Вазият жуда оғир. Биз қачон учишимизни билолмай ҳалакмиз. Бирор бир хабарнинг дараги йўқ. Яна қанча аэропортда ўтиришимизни Худо билади," дейди у.

Мулозимларнинг айтишларича, Осиё ва Оврўпо қитъаси орасидаги 60 фоиздан ортиқ парвозлар бекор қилинган.

Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур ҳолат сабаб ҳаво ширкатлари миллионлаб доллар зарар кўришмоқда.

Ҳаво ширкатларига кўра, Оврўпога учувчи учоқлар учун асосий транзит йўли бўлган Сингапурда меҳмонхоналарда бирорта ҳам бўш жой қолмаган. Ҳонг Конгда ҳам худди шундай вазият кузатилган.

Шанба куни Австралия ҳам Оврўпога учувчи барча учоқлар парвозини бекор қилган.