Би-би-си сўрови: АҚШнинг обрўйи яна дунё бўйлаб кўтарилиб бормоқда, қолган давлатларники-чи?

Барак Обама

Би-би-си Жаҳон Хизматининг буюртмаси асосида олиб борилган сўров натижаларидан аён бўлишича, дунё давлатларининг Америкага бўлган муносабатлари ижобий томонга ўзгарган.

Сўнгги сўров GlobeScan ширкати томонидан жаҳоннинг 28 давлатида ўтказилган. Ўттиз мингга яқин иштирокчидан турли давлатларнинг дунёда қандай, яъни ижобийми ёки салбий ўрин тутишлари сўралган.

Янги сўров натижалари бугун дунёнинг 20 давлатида инсонларнинг Американинг дунёда тутган ўрнига ижобий қарашларини кўрсатган.

Сўров иштирокчиларининг ярмига кўра, Америка Қўшма Штатлари халқаро ҳодисаларга ижобий таъсир этмоқда.

Бироқ Америкага нисбатан ҳануз салбий қарашда бўлганларнинг сони ҳам оз эмас. Улар сўроққа тутилганларнинг учдан бир қисмидан кўпроғини ташкил этишган.

Айнан жаҳон бўйлаб Америкага бўлган муносабатнинг бу тариқа ўзгариши сўров ташкилотчиларини ҳам қизиқтириб қўйган.

"Америкага нисбатан бу каби ижобий муносабат иккинчи Ироқ урушидан аввалги бир даражага етган. Американинг машҳурлик бобида Олмония ва Британияга етишига ҳали кўп бўлса-да, ҳозирга келиб обрўйи ортиб бораётгани бор гап," дейди ширкат раҳбари Даг Миллер.

Сўров уюштирувчиларига кўра, мазкур ҳолатда "Обама таъсири" ўз сўзини айтмоқда.

Ўтган йилги натижалар билан таққослаганда, Россияга ҳам ижобий ва ҳам салбий баҳо бераётганларнинг сони камайган. Жумладан, Британия ва Америкада Россияга ёмон кўз билан қараётганларнинг сони кескин қисқарган.

Хитойда эса, бунинг буткул акси: Россияни яхшиловчилар сони 74 фоиздан 55 фоизга тушиб қолган.

Лекин сўнгги сўров натижаларидан аён бўлишича, дунёнинг аксар давлатларида Россияга нисбатан салбий қараш сақланиб қолмоқда.

Эрон фактори

Кишиларнинг фикрлари сўралган давлатларнинг 20 га яқинида салбий баҳо олганлар рўйхатида эса, Эрон етакчилик қилган.

Эроннинг дунёда тутган ўрнини салбий деб баҳоловчилар сони қарийб 60 фоизни ташкил этган. Бор-йўғи 15 фоиз кишигина Эронга яхши муносабат билдиришган.

Жаҳон бўйлаб кишиларнинг меҳру муҳаббатларини қозонган давлат эса, Олмония бўлиб чиққан. Аксарият иштирокчилар Олмонияга ижобий баҳо беришган.

Яхши давлатлар рўйхатини Олмониядан кейин Япония, Буюк Британия, Канада ва Франция давом эттиришган.

Бу каби сўров GlobeScan ва Мэриленд университети қошидаги халқаро сиёсатга муносабатни ўрганиш маркази томонидан 2005 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинади.