Франция ҳукумати бурқага оид қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга қарор қилган

Францияда очиқ кийинган ва бурқа кийган аёл
Image caption Францияда жами бўлиб 2 мингга яқин аёл ниқоб ёки бурқа кийиши айтилади

Франция ҳукуматига кўра, муслималарга юзларини ҳам бекитадиган ниқоб ва бурқа кийиб юришни таъқиқлашга оид қонун лойиҳасини келаси ойдан бошлаб муҳокамага қўйишни режаланмоқда.

Ҳукумат ниқобни қай даражада чеклаш масаласида ойлардан бери бир қарорга кела олмаётганди. Президент Саркозий бурқа аёллар нуфузи ва францияликларнинг жамиятга қарашларини таҳқирлаши ҳақида айтган. Аммо, у мусулмонларга тамға бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай қонунга эҳтиёткор ёндашишни айтган.

Франция парламентининг кўплаб аъзолари-ҳам ўнг қанот ва ҳам чап қанотдагилар мутлақ таъқиқ жорий этишга чақиришмоқда. Бироқ, ўтган ой Франция Давлат Кенгаши муслималар юзларини бекитадиган ниқоб ва бурқани таъқиқлаш қонунга зид тушиши мумкинлигини айтганди.

Давлат Кенгашига кўра, юзни бекитувчи ниқоб ёки бурқани мутлақо чеклаш қонуни мамлакат ва ё Оврўпо маҳкамалари томонидан рад этилиши мумкин.

Ҳозир эса расман бу огоҳлантиришлар назарга олинмаётган кўринади. Президент раислигида ўтган ҳукумат қўмитаси йиғинида жамоат жойларида бурқа кийишни бутунлай таъқиқлашга оид янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга келишилган.

Қонун лойиҳасини май ойида парламентга тақдим этиш ва июл ойиларидан бошлаб кучга киритиш режаланмоқда. Ҳукуматнинг қаттиқўл чораси Франциядаги кўпчиликнинг хоҳиш-иродасини ифодалаши мумкин. Яқинда ўтказилган сўров натижалари 57 фоиз аҳоли ниқоб ёки бурқага бутунлай таъқиқ қўйишни исташини кўрсатганди.

Расмий ҳисоб-китобларига кўра, Францияда ҳаммаси бўлиб 2 мингга яқин хотин-қиз ниқоб кияди. Ҳукумат маслаҳатчилари таъқиқ осонгина мамлакат ва ё Оврўпо маҳкамалари тарафидан рад этилиши мумкинлигини билишади.

Бу мавзуда батафсилроқ