Мобил телефонларнинг инсон саломатлигига таъсири ўрганилади

Мобил телефонлар
Image caption Ҳозирда жаҳон бўйлаб олти миллионга яқин мобил телефонлар истеъмолда

Британиялик олимлар мобил телефонларининг инсон саломатлигига таъсирини ўрганиш учун келгуси 20-30 йил мобайнида беш мамлакатдаги 250 мингга яқин киши иштирокида изланишлар олиб боришмоқчи.

Ҳозирда жаҳон бўйлаб олти миллионга яқин мобил телефонлари истеъмолда.

Шу вақтгача ўтказилган тадқиқотлар мобил телефонларининг инсон соғлиғига салбий таъсирини кўрсатмаган.

Аммо олимларга кўра, чўнтак телефонларининг таъсири борасида ҳали кўп нарсалар номаълум.

Шу вақтгача ўтказилган тадқиқотлар телефонларнинг саратоннинг баъзи турларига алоқаси борми йўқлигини ёки келиб чиқиши узоқ йиллар давом этадиган касалликларга туртки берадими йўқлигини аниқлашдан ожиз бўлган.

Ҳозирда ўтказилиши айтилаётган тадқиқотлар ўзгача бўлиши айтилмоқда.

Тадқиқотнинг узоқ йиллар мобайнида ўтказилиши эса, олимлар кенг миқёсдаги касалликларга эътибор қарата олишлари, жумалдан мия саратони, мияга қон қуйилиши ва юрак касалликларига таъсирини ўрганиш имконига эга бўлишларини англатади.

Тадқиқотларда мобил телефонлардан фойдаланадиган Финляндия, Дания, Швеция ва Голландия фуқаролари иштирок этадилар.

Лекин келажакда ривожланаётган мамлакатлардан ҳам кўнгиллилар иштирок этиши эҳтимоли йўқ эмас.

Тадқиқот ташкилотчиларидан доктор Толеданонинг айтишича, иштирокчиларнинг мобил телефонидан не қадар фойдаланишлари кузатиб борилади, лекин уларнинг қаерга ва кимга қўнғироқ қилаётганлари қайд этилмайди.

Тадқиқотларнинг дастлабки натижалари беш йилдан сўнг эълон қилинади.

Мобил телефонлардан ташқари электромагнетик нурланишнинг таъсири ҳақида тўлиқроқ тасаввурга эга бўлиш учун симсиз ИНтернет алоқаси, симсиз уй телефонлари ва шунга ўхшаш жиҳозлардан фойдаланиш таъсири ҳам ўрганилади.