Ник Клеггнинг илдизи Украинага бориб тақалади

Британиядаги учинчи энг йирик партия раҳбари Ник Клеггнинг сайловолди теледебатидаги ўта яхши чиқиши британ сиёсатида катта шов-шувга сабаб бўлди. Бироқ, шов-шув унинг телебаҳсдаги чиқиши билан тугагани йўқ - Британия, Россия ва Украина рўзномалари унинг асл келиб чиқиши борасида мақолалар чоп қилишмоқда.

Маълум бўлишича, 43-ёшар Ник Клеггнинг илдизлари Украина марказидаги "Берёзова Рудка" номли митти кишлоққа бориб тақалар экан.

Унинг отаси томонидан яқинлари бўлган Закревский оиласи 1752 йилда ўша қишлоқдан ер-мулк сотиб олиб, у ерда 1917 йилги большевиклар инқилобига қадар яшашган.

Инқилобдан кейин эса бошқа кўплаб аслзодалар каби мамлакатни тарк этишган.

Закревскийлардан энг таниқлиси Игнатий Закревскийдир. Игнатий 19-аср ўрталарида Россия подшосининг Мисрдаги элчиси булган.

Image caption Ник Клеггнинг Украинадаги катта бобоси ўзига пирамида қурдирган

Игнатийга Миср шу даражада ёқиб қолганидан ҳатто Украинада пирамида ҳам қурган.

Ўлимидан сўнг Игнатийнинг мақбарасига айланган пирамида ҳануз Закревскийларга қарашли ерда қад ростлаб турибди.

Чунки Игнатий ҳам ҳудди қадим Мисрда қилинганидек, ўлганидан сўнг ўзини мумиёлаб, пирамидага қўйишларини сўраган.

Инқилобу урушлар сабаб, шўролар даврида Украинадаги аслзодаларга тегишли кўплаб уй-жойлар вайрон бўлиб кетган.

Бироқ 1930-йилларда қишлоқ хўжалиги билим юртига айлантирилгани боис, Закревскийларники омон қолган.

Ҳозир маҳаллий музейлардан бири уни сақлаб қолишга ҳаракат қилмокда, бироқ бунга қўллари калталик қилаётир.

Музей раҳбарининг Би-би-си Украина хизматига билдиришича, Ник Клеггнинг Люксембургда яшайдиган қариндоши уйнинг томини тузатиш учун озроқ маблағ берган.

Бу мавзуда батафсилроқ