Рим папаси жинсий таҳқирланиш ҳоллари бўйича маҳкамага берилмоқда

Рим Папаси
Image caption Шикоятда Папа ва унинг икки кардинали тилга олинади

Америкалик баччавоз руҳоний тарафидан жабрланганини даъво қилаётган шахс Рим папаси ва Ватикан устидан Қўшма Штатлар федерал маҳкамасига мурожаат қилмоқда.

Унинг ҳимоячилари черковнинг руҳонийлар билан боғлиқ ҳар қандай жинсий таҳқирлаш ҳоллари юзасидан мавжуд ҳужжатларни ошкор қилишини исташмоқда.

Шахси сир тутилаётган "жабрдийда" ўзига марҳум руҳоний Лоренс Мерфи тарафидан ҳужум қилинганини айтади.

Лоренс Мерфи Милуокида жойлашган қулоғи оғир болалар мактабидаги 20 йиллик фаолияти давомида 200 нафар болани жинсий таҳқирлаганликда айбланган эди.

У алал-оқибат 1974 йилда Авлиё Иоан мактабидан бошқа бир епархияга ўтказилади, аммо унга нисбатан жиноий иш очилмайди ва ё руҳонийлик рутбасидан маҳрум қилинмайди.

Черков маҳкамаси 1996 йил Ватикан епископ Лоренс Мерфининг епископи тарафидан мактуб олганидан сўнг очилган, аммо иш руҳоний 1998 йил вафот этгунига қадар якунланмаган.

Жабрдийда экани даъво қилинаётган шахснинг ҳимоячиси Жеф Андерсон Ватиканнинг бу ишга нисбатан эътиборсизлик қилганини айтади.

"Биз истаётган нарса-Ватикан ўз архивида сақлаётган сирларни ошкор қилсин", дейди у.

'Даҳшат'

1995 йилда жабрдийда ўша пайтдаги Ватикан давлат котиби Кардинал Анжело Соданога мактуб ёзиб, Папанинг руҳоний Мерфини черковдан четлатишини сўрайди. Би-би-си маҳкамага тақдим этилган айни ҳужжатлар нусхасини кўришга муваффақ бўлган.

Улар орасида руҳоний Мерфига ёзилган мактуб ҳам бор. Мактубда жабрдийдага нисбатан содир этилгани гумон қилинаётган таҳқирлаш ҳоллари ва бу амалларнинг унга бўлган таъсирлари яққол таърифланади.

"Биласизми, сиз ҳақиқатда ҳам менинг ҳаётимни барбод қилдингиз", деб ёзади у. Шу билан бирга хат муаллифи руҳоний Мерфи тарафидан жинсий таҳқирланган болалардан бири ўз жонига қасд қилганини тилга олади.

"Худо сизни жазолаши ва тоабад қолишингиз учун жаҳаннамга йўллаши шарт", дея қўшимча қилади у.

Даъвогар ушбу мактубига ҳам ва ё бир неча ой ўтиб йўллаган бошқа бир номасига ҳам Ватикан тарафидан ҳеч қачон жавоб қайтарилмаганини айтади.

Аслида руҳонийлар билан боғлиқ жинсий таҳқирлаш гумонлари Черковнинг Диний тарғибот конгрегациясига йўлланиши лозим. Ўша пайтда Кардинал Жосеф Ратзингер, ҳозир Рим Папаси Бенедикт XVI томонидан бошқарилган.

Конгрегация Мерфининг иши билан илк бор 1996 йил танишганини айтади. Маҳкамага берилган даъво аризасида Папа ва унинг икки кардинали тилга олинади. Андерсон жаноблари ўз мижозининг пул ундириш нияти йўқлиги, аммо Черковнинг "ўнлаб йиллар давомида болаларга қарши жиноятларга оид барча ҳужжатларни" ошкор қилишини истаётганини айтади.

Унинг қўшимча қилишича: "Токи шундай қилинмас экан, у ерда ўта жиддий муаммо бўлади".

Ҳозирга қадар Ватикан айни маҳкама масаласи бўйича муносабат билдиргани йўқ.