Афғонистоннинг Қандаҳорида вазият издан чиқиб бормоқда

НАТО қўшинлари
Image caption Сўнгги пайтларда жанубий Қандаҳор шаҳрида зўравонликлар кўлами ортган

Ўтган бир неча ҳафта ичида Афғонистоннинг Қандаҳор шаҳрида зўравонликлар кўлами ортгани кузатилган.

Бир қатор юқори мартабали расмийлар билан бирга шаҳар ҳокими муовинига қарши суиқасд уюштирилган.

Ҳафта бошларида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қандаҳордан ўз хорижий ходимларини олиб чиқиб кетган ва маҳаллий ходимларига уйларидан чиқмасликларини айтганди.

Афғонистонда бўлган мухбиримиз Қандаҳорда хавфсизлик вазиятининг ёмонлашиб бораётгани ҳақида айтади.

Савдо марказининг қоқ ўртасида мотациклда бўлган икки шахс қавм раҳбарларидан бирини отиб ўлдирди.

Якшанба кунги ҳужум Қандаҳорда амалга оширилган қотилликларнинг охиргиси эди.

Шаҳар яқин ўтган ҳафталар ичида қатор зўравонликларга саҳна бўлди. Феврал ойидан бери камида 12 нафар юқори мартабали расмийга суиқасд уюштирилди.

Жумладан, шаҳар ҳокими муовини масжидда отиб ўлдириб кетилди.

Толибон уларни ҳукуматнинг "қўғирчоқлари" деб айблайди.

Зўравонликлар кўлами Американинг шаҳарда хавфсизлик ва афғон ҳукуматининг кучлироқ назоратини ўрнатиш мақсадини кўзлаган ҳарбий амалиётлари арафасида кузатилмоқда. Амалиётлар шу ёз ойларига режаланган.

Қандаҳор Толибон асос солинган шаҳардир ва ҳали ҳамон толиблар билан кучли алоқаларга эга.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, Американинг ҳарбий амалиётлари арафасида вазият ўта таранг.

Ғарблик ҳарбий қўмондонлар ҳам келаси ойлар асносида зўравонликлар ортиши эҳтимолини айтишади.

Аммо Қандаҳор учун жанглар мазкур урушдаги муҳим нуқта бўлиши мумкин.

Американинг янги ҳарбий стратегияси аҳоли зич марказларни ҳимоя қилишни кўзда тутади. Бу каби асосий марказлардан бири Қандаҳордир.

Бироқ Толибон ўз таянч нуқтасида бундай ўзгариш юз беришига йўл қўймасликка аҳд қилган кўринади.