Энг йирик сармоя банки ўзини ҳимоя қилмоқда

Image caption 31 ёшар Фабрис Турре қаллобликда айбланмоқда, бироқ у ўзини айбсиз деб билади

Жаҳондаги энг қудратли Goldman Sachs сармоя банкининг раҳбари беқиёс очкўзлик борасидаги айбловларга қарши ўзини ҳимоя қилган. Ллойд Бланкфейн ва унинг бир қатор ходимларини АҚШ Сенати қўмитаси 11 соат давомида сўроқ қилди.

Сенаторлар банкни ипотека қоғозлари савдосида қаллоблик қилишда ва бу билан молиявий инқирозга катта ҳисса қўшишда айблашмоқда. Goldman Sachs вакиллари ўзларининг айбсизлигини қайта-қайта такрорлашмоқда, бироқ бу борган сари қийин бўлиб бораяпти.

Сенаторларга кўра, Goldman Sachs ўзи эгалик қилган ипотека қарзлари мажбуриятлари барбод бўлишига пул тиккан ва шу орқали катта даромад кўрган. Сармоядорлар йўқотган, банк эса фойда олган.

Сенатор Карл Левиннинг айтишича, банк нафақат бозорни, балки ўз мижозларини ишончини ўйинчоқ қилган.

"Далил-исботлар ишора қилишича, Goldman Sachs ўз манфаатларини мижозлари ва умуман жамият манфаатларидан юқори қўйган," - деди Левин.

Унга кўра, банк "ғайриоддий ва мураккаб молиявий усулларни қўллаб, бутун молиявий тизимни барбод бўлиши аниқ бўлган ипотека кредитлари билан заҳарлаган. Ва молиявий тизим ана шу ипотека кредитлари туфайли буткул қулаганида, Goldman Sachs бундан фойда кўрган. Натижада сармоядорлар миллиард доллардан кўпроқ пул юқотишган. Банк эса фойда кўрди".

Сенат қўмитасидаги йиғилишдан олдин Goldman Sachs раҳбари Ллойд Бланкфейн ўз банки мижозларни алдамагани ва уларнинг ишончисиз фаолият юрита олмаслигини айтган.

Бироқ, Сенатор Карл Левинни бу чиқишлар ишонтира олмади. Унга кўра, "ширкат ўз мижозларини ҳурматга сазовор истеъмолчилар эмас, балки фақат фойда манбаи сифатида кўрган".

"Бу жуда муҳим, чунки ўз мижозлари фойда кўрганда, у ҳам фойда кўриш ўрнига, Goldman Sachs ўз мижозлари пул йўқотганда фойда кўрган. Бу банкнинг фаолияти бутун Уолл Стритни савол остига олади. Уолл Стрит одатда Американинг мағлубияти эмас, балки муваффақиятига пул тикадиган молиявий институтдир," - деди Левин.

"Ажойиб Фаб"

Сенаторлар олдида жавоб берган Goldman Sachs мулозимларининг биронтасида ҳам айб ҳисси йўқ.

"Биз бирон ёмон иш қилдик деб ўйламайман. Албатта, ортга қараб, ниманидир яхшироқ қилишимиз мумкин эди дейишимиз мумкин. Лекин, у пайтдаги қарорларни қабул қилганимизда, қандайдир аҳмоқона иш қилгандик деб ўйламайман," - деди банкнинг ипотека бўлими раҳбари Майкл Свенсон.

Сенаторлар олдида АҚШ қимматбаҳо қоғозлар комиссияси томонидан қаллобликда айбланган ягона мененжер Фабрис Турре ҳам ўзини ҳимоя қилди.

Тергов хулосасига кўра, айнан Турре йирик хедж-фонд билан тил бириктириб, ипотека қарзларининг тушишига пул тиккан.

Унинг ҳамкасбларига юборган электрон мактубларида у ўзини "ажойиб Фаб" деб атаб, молиявий амаллари ҳақида мақтангани ҳам айтилди.

"Биринчидан, мен ўз қилмишларим учун барча масъулиятни ўз бўйнимга оламан. Иккинчидан, 2007 ва 2008 йилларда молиявий инқироз юзага келганда бозорда содир бўлган воқеалардан афсусдаман. Лекин, аминманки, мен ўзимни тўғри тутганман," - деди ажойиб Фаб Сенат олдида.

Вашингтондаги мухбиримизга кўра, жуда кўп америкаликлар мазкур иш Сенатда эмас, балки маҳкамада кўрилишини ва Сенат олдида чиқиш қилган банкирларни панжара ортида кўришни исташади.

Баъзи таҳлилчиларга кўра, бунинг эҳтимоли йўқ эмас.