'Австриядаги қотилликда Чеченистон президентининг қўли йўқ'

Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров
Image caption Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Рамзан Қодировни ўз мухолифларини йўқ қилиш кампаниясини олиб боришда айблайдилар

Австрия полицияси Чеченистон Президенти Рамзан Қодировни қотилликка алоқадорликда гумон қилар экан, Қодиров сўзчиси бу гумонни рад этган.

Қодиров расмий вакили Алви Каримовнинг сўзларига кўра, "Чеченистон Президенти Рамзан Қодировнинг бу қотилликка ҳеч қандай алоқаси йўқ. Буларнинг ҳаммаси сохта, ҳеч қандай фактларга асосланмаган айбловлардир".

Алви Каримов айтишича, бу жаноб Қодировни ёмонотлиқ қилиш амалидир.

Австрия полицияси 2009 йил бошида содир этилган Умар Исроилов қотиллигини тергов қилар экан, Рамзан Қодиров Исроиловни ўғирлаб Чеченистонга олиб келишга буйруқ берган, деган хулосага келган.

Ушбу иш юзасидан уч чечен миллатига мансуб шахс ҳибсга олинган, Рамзан Қодировнинг собиқ тансоқчиси бўлган Умар Исроилов ўғирлаб кетишга уринишган пайтида у қочишга уринган, шундан сўнг у отиб ўлдирилган, деб ҳисоблайди Вена Хавфсизлик ва терроризмга қарши кураш бюроси.

Бюро 15 ойлик терговини якунлаган ва жиноий ишни Вена жамоат прокурори идорасига тақдим этган.

Хавфсизлик ва терроризмга қарши кураш бюроси вакили Герхард Ярош айтишича, жиноий ишда "Рамзан Қодиров қотиллиги ортида турган" деган хулоса қилинган.

Қотилликдан сўнг ҳибсга олинган Отто Калтенбруннер, Муслим Дадаев ва номи ошкор этилмаган чеченга расман айблов эълон қилинмаган.

Айблов қўйиш Вена жамоат прокурори зиммасидаги вазифа ҳисобланади.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари узоқ вақтдан буён Рамзан Қодировни ўзининг мухолифларини мамлакат ичкариси ва хорижда йўқ қилиш кампаниясини олиб бораётганликда айблаб келади.

Австрия ҳуқуқ-тартибот идоралари ихтиёридаги далиллар

Би-би-си мухбирига кўра, Рамзан Қодировнинг ушбу қотиллига алоқаси борлиги ўз исботини топгани йўқ, буни Австрия прокуратураси ҳам эътироф этган.

Бироқ Австрия прокуратурасига кўра, ушбу қотилликни содир этган уч гумондорнинг Чеченистон раҳбари ва унинг одамларига яқинлигининг далиллари мавжуд.

Жиноий ишда гумондорлардан бирининг Рамзан Қодиров билан бирга ўтиргани фотосурати бор.

Шунингдек, жаноб Қодировнинг яқин маслаҳатчиларидан бири қотилликдан икки ой илгари Австрияга борган ва ҳозир ҳибсда сақланаётган гумондорлардан бири билан аэропортда учрашган.

Полиция қотилликдан сўнг миниб кетилган деб гумон қилаётган автомобил ичида айнан ўша маслаҳатчи паспортини топганини маълум қилган.

Рамзан Қодиров расмий вакили Алви Каримов барча айбловларни рад этади.

"Биз бу ерда Чеченистон президентининг номини булғаш нияти борлигини аниқ кўриб турибмиз. Жаноб Қодировнинг бу қотилликка ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ўлдирилган шахс аҳамиятли эмас эди, унинг Чеченистондаги воқеаларга ҳеч таъсири йўқ эди. Бундан ташқари у Чеченистонга қайтмоқчи эканини айтганида, Қодиров буни олқишлаб чиққанди", деб айтган Алви Каримов Би-би-си билан суҳбатда.

27 ёшли Умар Исроилов 2009 йил 13 январида Венадаги уйи яқинида ўлдирилган эди.

У оиласи билан 2006 йилда Австрияга қочган ва бошпана топган эди.

Умар Исроилов Рамзан Қодиров инсонларни қийноққа солганининг шахсан гувоҳи бўлганини айтган, Қодировни одамларни ўғирлаб ва ўлдиришда кўп марта айблаб чиққан.