Бельгия қуйи парламенти ниқобни таъқиқловчи қонун лойиҳасини тасдиқлади

Ниқоб кийган аёл
Image caption Янги қонунга биноан инсоннинг кимлигини яшириб турувчи ҳар қандай кийимни жамоат жойларида кийиб юриш таъқиқланади

Бельгия қуйи парламенти муслима аёлларнинг юзларини бекитиб турадиган ниқобни таъқиқловчи қонун лойиҳасини тасдиқлаган.

Янги қонунга биноан инсоннинг кимлигини яшириб турувчи ҳар қандай кийимни жамоат жойларида кийиб юриш таъқиқланади. Ҳеч ким бунга қарши овоз бермаган.

Энди қонун лойиҳаси Сенат муҳокамасидан ўтиши керак. У ерда қонун таркибидаги сўзларнинг ифодалаши эътирозларга сабаб бўлиши ҳамда овоз бериш кечикиши мумкинлиги айтилмоқда.

Аммо, агар Сенат ҳам уни дастаклаб овоз берса, Оврўпода илк бор бурқа ёки ниқоб кийиш таъқиқланади.

Ярим миллион мусулмон аҳолиси бўлган Бельгияда бор-йўғи 30 нафарча аёл ниқоб юзни бекитувчи ҳижоб кияди.

Би-би-сининг Брюсселдаги мухбирининг хабар қилишича, парламент аъзолари қонун лойиҳасини хавфсизлик нуқтаи назаридан дастаклашган. Яъни, уларга кўра, полиция жамоат жойида юрган шахснинг кимлигини билишга имконли бўлиши керак. Мухбиримизга кўра, баъзи парламент аъзолари ниқоб ёки бурқани аёлларга қарши зулм рамзи сифатида таърифлашган.

Сенат муҳокамаси

Пайшанба куни ниқобни ва ё бурқани таъқиқловчи қонун лойиҳаси бўйича парламентнинг 134 аъзоси овоз берган. Икки киши жараёнда иштирок эта олмаган. Қонун қарийб бир овозда дастакланган.

Энди қонун лойиҳаси Сенат муҳокамасидан ҳам тўсиқларсиз ўтиши кутилмоқда. Илк хабарларга кўра, у июн ёки июл ойларига келиб кучга киради. Агар шундай бўладиган бўлса, Бельгия ниқоб ва бурқани таъқиқлаган Оврўподаги илк мамлакат бўлади.

Аммо, Сенатдаги Либераллар ва Насроний Демократлар қонун таркибида қўлланилган ибораларни савол остига олишларини айтишмоқда.

Шу боис ва ё агар парламент тарқатилиб, сайловлар чақириладиган бўлса, ниқоб ёки бурқани таъқиқлашга оид қонуннинг кучга кириши кечикади. Бельгия ҳукумати ўтган ҳафта қулаганди.

Бельгиядаги мусулмонлар ташкилотининг раҳбари янги қонунни танқид қилиб чиққан. Унга кўра, янги қонун бурқа ёпинувчи аёлларни уйларидан чиқа олмайдиган қилиб қўйиши мумкин.

Халқаро Амнести Ташкилоти мазкур таъқиқни "хатарли оқибатлар"га етаклаши эҳтимолидан огоҳлантирган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти чиқарган баёнотда таъқиқ "бурқа ёки ниқоб ёпинувчи аёлларнинг ўз шахслари ва диний эътиқодларини ифодалаш эркинлигининг бузилиши" дея таърифланган.

Қонунни бузганларга 15-25 евро миқдорида жарима солинади ёки 7 кун қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ