'Покистон Толибони раҳбари Ҳакимуллоҳ Маҳсуд тирик'

Ҳакимуллоҳ Маҳсуд
Image caption Ҳакимуллоҳ Маҳсуд ўлгани ҳақидаги хабарлар рост бўлмаслиги мумкин деган мулоҳазалар пайдо бўлганди

Покистон жосуслик хизматларига кўра, январ ойида уюштирилган Американинг учувчисиз учоғи бомба ҳужумида Покистондаги Толибон ҳаракати раҳбари Ҳакимуллоҳ Маҳсуд тирик қолган.

Покистоннинг шимоли-шарқидаги ҳужумда камида ўн жангари, шу жумладан Ҳакимуллоҳ Маҳсуд ҳам ҳалок бўлган, дея хабар қилишганди ўз вақтида Покистон расмийлари.

Ҳозирга келиб жосуслик хизматлари маълум қилишича, Толибон раҳбари ўша ҳужумда жароҳат олган, унинг Толибон орасидаги таъсири камайгани кузатилган.

Толибон эса бошидан Ҳакимуллоҳ Маҳсуднинг ўлгани ҳақидаги хабарларни рад этиб келади.

Би-би-сининг Исломободдаги мухбири Илёс Хон айтишича, АҚШ ва Покистон расмийларининг Маҳсуд ўлдирилгани ҳақидаги ҳисоботлари ишончли экани борасида гумонлар пайдо бўлган, бунга эса ўзини Ҳакимуллоҳ Маҳсуд деб таништирган кишининг Би-би-сига боғланиб, ўлими ҳақидаги гап-сўзларни рад этгани ҳам сабаб бўлган.

Би-би-сининг Исломободдаги идорасига Маҳсуд тасвирга туширилган видео ҳам келиб тушган, бироқ бу видеонинг "ўлими"дан олдин тасвирга олинганми ёки кейинлигини текшириш имкони бўлмаган.

Мухбиримизга кўра, унинг тирик экани ҳақидаги мулоҳазалар пайдо бўлишига Покистондаги Толибон ҳаракатида раҳбар ўзгармагани туртки берган.

Кўпчилик, агар Маҳсуд ўлган бўлса, унинг ўрнига бошқа кишини сайлашади, деб кутишган, бироқ январ ойидан буён бу ҳақда хабар пайдо бўлмаган.

2009 йил августида Покистондаги Толибон раҳбари Байтуллоҳ Маҳсуд ўлдирилган, унинг ўрнига ким тайинланганини эълон қилишни Толибон ҳаракати уч ҳафта кутганди.

Январ ойидан буён жангарилар журналистларнинг Ҳакимуллоҳ Маҳсуд билан интервью олишларига рухсат бермай келишаяпти.

Шунингдек, жиҳодий веб-сайтларда шаҳидлик видеоси ёки ўлими ҳақидаги расмий эълон пайдо бўлмаган, одатда таниқли Толибон аъзоси ўлдирилса, интернетда ана шундай видео ёки хабар эълон қилинади.

Покистон жосуслик хизматларига кўра, ўша ҳужумдан кейин Маҳсуд қудрати пасайган, Толибоннинг бошқа бир қўмондони Валиур Раҳмон кўпроқ кўзга кўрина бошлаган.

Мухбирлар Ҳакимуллоҳ Маҳсуд жойлашган деб кўриладиган Покистоннинг қавмлар назоратидаги ҳудудлардан тўғри ахборот олишга ҳаракат қилмоқдалар, бироқ бу ҳудудлар узоқ ҳамда хавфли, бу жойларга борадиган инсонлар учун қонуний чекловлар ҳам мавжуд.

Охирги ойларда Покистон армияси Толибонни мамлакат шимоли-ғарбидан Шимолий Вазиристонга сиқиб чиқариш мақсадида ҳарбий амалиётлар ўтказмоқда.

Ўтган йили Афғонистон шарқида иорданиялик худкуш ҳужумчи Американинг Марказий Жосуслик бошқармаси ходимларини ўлдирганидан кейин бу ҳужумчининг Ҳакимуллоҳ Маҳсуд билан бирга тасвирга олинган видеоси интернетда пайдо бўлган, шундан сўнг АҚШ Маҳсудни йўқ қилиш амалларини кучайтирди.

Ҳакимуллоҳ Маҳсуд Покистон ҳудудидаги хорижлик жангарилар, хусусан, Ўзбекистон Исломий ҳаракати билан яқин ҳамкорлик қилади.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати Ҳакимуллоҳ Маҳсуд билан Тоҳир Йўлдош бирга бўлишгани ҳақидаги видеони интернетда эълон қилган.

Бу мавзуда батафсилроқ