Нью Йоркда бомба ҳужумининг олди олинди

Image caption Хиёбон шанба куни кечга яқин полиция томонидан ўраб олинган

Нью Йорк полицияси шаҳарнинг гавжум хиёбонида қолдириб кетилган машинадаги портловчи жиҳозни зарарсизлантирган.

Таймс-сквер Нью Йоркдаги сайёҳлар энг кўп йиғиладиган жойлардан бири ҳисобланади.

Ушбу хиёбон шанба куни кечга яқин полиция томонидан ўраб олинган.

Хиёбонда футболкалар билан савдо қилувчи бир шахс полицияга хиёбонда шубҳали енгил машинага кўзи тушгани, ундан тутун буруқсиб чиқаётганини хабар қилади.

Хиёбонга зудлик билан етиб келган мутахассислар у ерни, жумладан бир неча тижорат дўконлари ва театрларни одамлардан тозалайди ва бир неча соат ичида "Nissan" русумли енгил машина ичидан пропан қутилари, кукун ва портловчи ускуналарни топади.

Портловчи модда бўлган метал қути шаҳардан ташқарига олиб чиқилиб, зарарсизлантирилади.

Гувоҳлардан бири мана бундай ҳикоя қилади:

"Биз деразалари Таймс-скверга қараб турган театрдан чиқаётган эдик. Ташқарида нима бўлаётганини кўриш мумкин эди. Махсус либос кийган одамлар бино ичкарисига кириб келишди. Бир зумда хиёбон ҳувиллаб қолди. Бунақасини мен ҳали кўрмагандим. Полиция жуда яхши ишларди. Одамлар уларнинг топшириқларини сўзсиз бажаришарди",- дейди Дуня Макперсон.

Террорчилик хавфи

Нью Йорк мэри Майкл Блумберг бомба қўлбола усулда тайёрлангани, аммо портлагани тақдирда ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини айтди.

У, шунингдек, одамлардан шубҳали кўринган шахслар ҳақида маълумот беришни сўраган.

"Агар қандайдир ғалати нарсани кўрсангиз, телефонни олинг-да, полицияга хабар беринг. Қолганини ўз ишининг усталари бажаришади. Худди шундай нарса бу ерда бўлди",- деб айтди Майкл Блумберг.

Нью Йорк полицияси ҳодисани жиддий ўрганаётганини маълум қилган.

Қўшма Штатлардаги хавфсизлик ходимлари Таймс-скверда портловчи модда топилишидан олдин ҳам ички ва ташқи хавфга қарши тайёр туришгани маълум бўлган.

2001 йил 11 сентябрь ҳужумларидан буён Нью Йоркда қатор ҳужум уринишлари очилган.

Ўтган йили тўрт шахс синагогни портлатишга уринишда айбланиб, маҳкамага тортилган.

Феврал ойида эса Афғонистонлик муҳожир Нью Йорк Метро тизимини портлатишга уринганини эътироф этганди.

Шунингдек, Қўшма Штатлардаги эскстремистлар томонидан Президент Барак Обамага қарши бир неча таҳдидлар бўлган.