'Минг бир кеча' эртакларининг қайта чоп этилиши норозиликларга сабаб бўлди

"Минг бир кеча"
Image caption 'Минг бир кеча' эртаклари асрлар давомида тилдан тилга кўчиб келган...

Мисрлик ёзувчилар Исломий ҳуқуқшуносларнинг "Минг бир кеча" классик эртаклар тўпламини таъқиқлашга оид чақириқларини қоралаб чиққан.

"Кишансиз ҳуқуқшунослар" номли гуруҳ "Минг бир кеча"нинг қайта чоп этилиши ортидан Миср Бош қораловчисига шикоят аризаси билан чиққан.

Гуруҳ аъзолари "номақбул" эканини айтиб, янги нашрни йўқ қилиш ва эртакларни таъқиқлашни сўрашмоқда.

Аммо, мамлакатдаги Ёзувчилар Уюшмаси гуруҳнинг шикоят аризаси асосида иш очиладиган бўлса, бунга қарши кураш олиб боришларини айтишяпти. 'Толибонга ўхшаб ҳаракат қилишмоқда'

"Мен китобдаги ҳақоратомуз иборалардан даҳшатга тушдим", деб айтган "Кишансиз ҳуқуқшунослар" гуруҳидан Айман Абдул Ҳаким.

Улар китобдаги жинсий муносабатларга оид қатор жумлаларни тўплашган ва уларни "гуноҳга чақирувчи" дея таърифлаганлар.

Аммо, Ёзувчилар Уюшмаси воизи ҳуқуқшуносларнинг ҳатти-ҳаракатларини "Толибон"никига қиёслаган.

"Меросимизни йўқ қилиш истагида бўлганлар "Толибон" худди Будда ҳайкалларини вайрон қилган каби ҳаракат қилишмоқда", деб айтган Муҳаммад Салмавий матбуот воситаларидан бирига. Бу билан у Афғонистоннинг Бомиён вилоятидаги машҳур будда ҳайкалларининг 2001 йилда Толиблар томонидан вайрон қилинганига ишора қилган.

Давлат назоратидаги "Маданият саройлари учун умумий ташкилот" нашриёти китобнинг қайта чоп этилиши жуда яхши кутиб олингани ва китоблар аллақачон сотиб бўлинганини айтган.

"Мисрлик ўқувчилар китобга ўта ўч ва улар Исломни қурол қилиб, эркинликни буғишга уринадиган бир тўда одамларнинг таъсирига тушишмайди", дейди нашриёт раҳбари. Араб ва Жанубий Осиё эртаклари тўпламидан иборат "Минг бир кеча" бир неча асрлик тарихга эга ва унда "Синбад-етти денгиз афсонаси", "Алибобо ва қирқ қароқчи" каби қатор афсоналар жамланган.