Британия: ҳукуматни қайси партия шакллантиради?

Британия парламенти
Image caption Афтидан, Британия парламенти "осилиб қолган парламент" бўлади

Британияда ўтказилган парламент сайловлари якуний натижалари кутиларкан, Консерваторлар парламентда кўп ўринни қўлга киритган бўлса-да, улар ҳукуматни шакллантириш учун талаб этиладиган парламентдаги мутлақ кўпчиликни ташкил этмаслиги аён бўлди.

6 май куни британияликлар эрталабки соат 7 дан кечки соат 10 гача овоз беришди, овозларни ҳисоб-китоб қилишнинг яқин соатларда якунига етказиш кутилмоқда.

Британия парламентида бу йил ўринлар сонини 650 та қилишга қарор берилган, ана шу ўринларнинг 500 таси натижалари аниқ бўларкан, Консерваторларнинг энг кўп ўринни қўлга киритгани маълум бўлди.

Участкаларда овоз бериб бўлган сайловчилар билан ўтказилган норасмий сўров натижаларига таяниб, парламентда Консерваторлар 305, ҳозир қудратда бўлган Лейбористлар 255, Либерал-демократлар 61 ўринга эга бўлади, деган тахмин билдирилди.

Ҳукумат бир партия вакилларидан иборат бўлиши учун сайловда муайян партия 326 ўринни қўлга киритиши талаб этилади.

7 май куни эрталабки соат 8 гача бўлган ҳисоб-китобларга кўра, Консерваторлар 287 та, Лейбористлар 239 ва Лейбористлар 51 ўринни қўлга киритганлар.

Шу соатда Консерваторларнинг мутлақ кўпчиликни ташкил этишига қирқтача овоз етмас экан, улар ҳукуматни шакллантиришга ҳуқуқли бўлмайдилар, афтидан, мамлакатда "муаллақ парламент" юзага келади.

Бунда мамлакат бош вазири партияси мағлубиятга учраган эса-да, ваколатини топширмайди, бошқа партиялар билан коалицион ҳукумат тузишга ҳаракат қилинади.

Сайлов натижалари аёнлаша бораркан, Гордон Браун етакчилигидаги Лейбористлар Либерал-демократлар билан иттифоқ барпо этиш борасида музокара олиб бориш ниятида экани маълум қилинган.

Бироқ дастлабки натижаларга кўра, Лейбористлар Либерал-демократлар билан қўшилганда ҳам парламентда мутлақ аксариятни ташкил этмасликлари мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ