Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай Вашингтонга сафар қилмоқда

Ҳомид Карзай
Image caption Карзай жанобларининг сафари иккитомонлама ихтилофлар манзарасида кузатилмоқда...

Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай музокаралар учун Вашингтонга етиб келиши кутилмоқда.

Тўрт кунлик сафари давомида Карзай жаноблари Қўшма Штатлар Президенти Барак Обама, Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон ва Мудофаа вазири Роберт Гейтслар билан учрашиши кутилмоқда.

Мазкур расмий сафар Кобул ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар таранглашган ва НАТО Қандаҳорда исёнкорларга қарши ҳарбий амалиётларга ҳозирланаётган бир пайтда кузатилмоқда.

Ўтган йилнинг августида ўтган президентлик ва вилоят кенгашларига сайловлар жараёнида кенг кўламли коррупция ҳоллари кузатилгани хабар қилинганди.

Апрел ойида эса, Президент Карзай 2009 йилги сайловлар чоғи юз берган қаллобликларга Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб давлатларини айблаб чиққанди.

Жаноб Карзайнинг сафари олди АҚШ Мудофаа вазирлиги чиқарган ҳисоботида Афғонистоннинг чорак фоизгина аҳолиси Карзай ҳукуматини дастаклаши айтилди.

Шунингдек, ҳисоботда афғон ҳукумати коррупцияга ботганликда ва самарасизликда айбланади. Айни пайтда мазкур омиллар аҳолининг ҳукумат расмийларига ишонмасликларига асосий сабаблар сифатида қайд этилади.

Ким нимани истайди?

Вашингтон Пост газетасида ёзилишича, Президент Обама хавфсизлик расмийларига Ҳомид Карзайни ошкора танқид қилишни тўхтатишга бўйруқ берган.

Оқ уйдан номини ошкор қилмаган юқори мартабали расмий икки ўртада келишмовчиликлар бўлганини, аммо алоқалар ҳозирда яхшиланаётганини айтган.

Карзай жанобларининг сафари Афғонистон расмийлари "Жирға" ёки оқсақоллар кенгашига ҳозирлик кўришаётган бир пайтда кузатилмоқда. Кенгашда мамлакатда тинчликни қарор топтириш йўллари мубоҳаса этилади.

Президент Ҳомид Карзай ўз кун тартибидаги асосий масалалардан бири жангариларни қуролларини ерга қўйишга ундаш эканини таъкидлаганди.

Шарҳловчилар Карзай жанобларининг Вашингтонга сафаридан исёнкорлар билан ярашув сиёсатига дастакни қўлга киритиш кўзланганини айтишади.

Кўплаб кузатувчиларга кўра эса, АҚШ тарафи олдига қўйган асосий мақсад Афғонистон ҳукумат таркибидаги коррупцияга қарши кураш масаласидир.

Аммо, қўшинларни Афғонистондан белгиланган муддатда олиб чиқиб кетиш юзасидан ҳам хавотирлар бор. Қўшма Штатлар ҳарбий кучларини 2011 йилнинг июлидан олиб чиқиб кетишни бошлашга умид қилади. Аммо, ўтган йил Афғонистонда зўравонликлар кўлами сезиларли даражада ошган.

Бу мавзуда батафсилроқ