'Нью Йоркдаги ҳужум уриниши ортида Покистондаги Толибоннинг қўли бор'

Файсал Шаҳзод
Image caption Файсал Шаҳзод Покистоннинг Вазиристон минтақасида тайёрловдан ўтганини тан олган

Қўшма Штатлар Бош қораловчиси Эрик Ҳолдерга кўра, Нью Йоркнинг Таймс Хиёбонида бомба ҳужуми уюштиришга уриниш ортида Покистондаги Толибон ҳаракати тургани борасида далиллар қўлга киритилган.

Ҳолдер жанобларининг айтишича, жангарилар фитнани ташкил қилиш ва "эҳтимолки, бу ишни молиялашга кўмаклашишган".

Илгарироқ АҚШ расмийлари 1 май куни олди олинган амал Толибоннинг иши бўлгани хусусидаги даъволарни рад этишганди.

Бир ҳафта олдин Покистонда туғилган Америка фуқароси Таймс Хиёбонида бомба жойланган автомобилни портлатишга уринишда айбланди.

Мазкур иш билан шуғулланаётган АҚШ мулозимларига кўра, 30 ёшли Файсал Шаҳзод терговчилар билан ҳамкорлик қилмоқда ва у Покистоннинг Вазиристон минтақасида бомба ясаш бўйича тайёрловдан ўтганини тан олган.

"Биз ҳозир ҳужум ортида Покистондаги Толибон турганини кўрсатувчи далилни қўлга киритдик", деб айтган Ҳолдер жаноблари.

"Биз буни улар ташкиллаштиришга ёрдамлашганларини биламиз. Молиялашга ҳам кўмаклашган бўлишлари мумкинлиги бизга маълум ва бу уларнинг кўрсатмаси асосида ишлаётган бўлган", дейди у.

Айни пайтда жаноб Ҳолдер Покистон ҳукумати мазкур фитнадан бохабар бўлганига ишора берувчи бирон далил йўқлигини айтади.

Унга кўра, ҳозирча Обама маъмурияти Исломободнинг Таймс Хиёбонидаги ҳужум уриниши бўйича текширувларга кўрсатаётган ҳамкорлигидан қониқмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ