Ўтган апрел ойида Хитойда инфляция даражаси ўсди

Хитой
Image caption Хитойда уй-жойлар нархининг қимматлагани Пекинда пул сиёсатини қаттиқроқ назорат қилишга етаклаши мумкин

Хитойнинг апрель ойидаги иқтисодий кўрсаткичлари баъзи иқтисодий соҳаларни назорат қилиш қийин бўлаётгани ҳақидаги қўрқувларни янада кучайтирган.

Таҳлилчиларнинг айтишича, инфляция даражасининг кутилганидан юқори бўлгани ва уй-жойлар нархининг баландлагани Пекинни пул сиёсатини янада қаттиқроқ назорат қилишга етаклаши мумкин.

Бироқ, Шанхайдан мухбиримиз Крис Хогнинг айтишича, бу сиёсат дунёнинг бошқа мамлакатларига ҳам таъсир қилиши мумкин. "Ҳукуматнинг бозорни совутиш уринишларига қарамасдан Хитойнинг етмишта шаҳрида уй-жойлар нархи охирги бир йилда кескин қимматлади. Истеъмол моллари нархи иқтисодчилар башорат қилган 2.8% фоиздан баландроқ бўлди. Таҳлилчилар инфляция даражаси келгуси ойларда ҳам ўсишда давом этиши мумкинлигидан хавотирда", дея хабар қилади Би-би-си мухбири.

Ҳукумат Хитойда нархлар ҳалиям нисбатан арзон экани ва йиллик инфляция даражаси 3 фоиздан ошмаслигини таъкидламоқда.

Лекин, одамлар ҳукумат энди пулнинг қадрсизланишини олдини олиш учун кучлироқ чора-тадбирларга қўл уриши мумкинлигидан ташвишдалар. Инфляцияни назорат қилишга уриниш иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Бу эса, ўз навбатида Хитойда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга бўлган талабга таъсир қилади.

Бу мавзуда батафсилроқ