Британияни 70 йил бадалида илк бор коалицион ҳукумат бошқаради

Девид Камерун ва Ник Клег
Image caption Ўтган 70 йил бадалида Британияда коалицион ҳукумат қудратда бўлмаганди

Консерваторлар партияси раҳбари Девид Камерун бугун Британиянинг янги Бош вазири сифатида иш бошлайди. Девид Камерун коалицион ҳукуматга бошчилик қилади.

Либерал Демократлар партияси билан тарихий иттифоққа киришга рози бўлиши ортидан, энди жаноб Камерун ўз ҳукуматини тузишга киришган.

Девид Камерун партиялар орасидаги қарама-қаршиликларни бартараф этишга ваъда берган бўлса, Либерал Демократлар раҳбари Ник Клегг ҳануз шубҳада бўлган сайловчиларини ўзларидан кўнгил узмасликка чақирди.

Эришилган келишувга мувофиқ, Ник Клегг 43 ёшли Девид Камеруннинг муовини этиб тайинланди. Либерал Демократлардан яна тўрт нафари эса, Вазирлар Маҳкамаси таркибига киритилади.

Ўтган 70 йил бадалида Британияда коалицион ҳукумат фаолият юритмаганди.

Британияда ўтган ҳафта бўлиб ўтган сайловларда Консерваторлар партияси парламентда энг катта сондаги ўринларни эгаллаганди.

Бироқ якка ўзлари ҳукумат тузиш даражасида ўринларни қўлга кирита олмаганликлари учун, парламентда муаллақ вазият вужудга келганди.

Бунинг ортидан партиялар коалицион ҳукумат тузиш учун музокараларга киришиб кетишган, Консерваторлар ва Либерал Демократлар орасида сешанба куни эришилган келишув эса, лейборист Бош вазир Гордон Брауннинг истеъфоси билан якунланди.

Девид Камерун аллақачон тўрт муҳим вазирлик лавозимларига ўз партияси аъзоларини тайинлаб ҳам улгурган.

Жорж Осборн Молия вазири, Уильям Ҳейг Ташқи ишлар вазири, Лиам Фокс Мудофаа вазири ва Андрю Ланслей Соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланган.

Либерал Демократларнинг Молия вазирлиги сўзчиси Винс Кэбл эса, "бизнес ва банклар"га масъул бўлиши айтилмоқда. Жами 20 нафар Либерал Демократларнинг янги ҳукумат таркибига кириши кутилаётир.

Консерватор манбалардан келаётган маълумотларга кўра, янги бюджет 50 кун ичида маъқулланади.

Мамлакат бюджетидаги тақчилликни камайтириш учун саъй-ҳаракатлар кучайтирилади, 6 миллиард фунт стерлингга тенг маблағ тежаб қолишга уринилади.

Янги кўзланаётган режаларга мувофиқ, келаси сайловлар 2015 йилнинг май ойига қадар ўтказилмайди.