Россия билан Туркия ўртасида виза тартиби бекор қилинади

Дмитрий Медведев Туркияда
Image caption Президент Дмитрий Медведевнинг ташрифи пайти Россия билан Туркия ўртасида 17 битим имзоланган

Президент Дмитрий Медведевнинг Анқарага расмий ташрифи чоғида Туркия билан Россия ўртасидаги визасиз тартиб жорий этишга ҳамда атом электр станцияси барпо этишга келишилган.

Расмийларга кўра, Россия президентининг ташрифи чоғи икки мамлакат ўртасида жами 17 та шартнома имзоланган.

Битимлардан энг аҳамиятлиси сифатида Россиянинг Туркияга атом электр станцияси қуришда кўмак кўрсатиши ҳақидаги ҳужжат кўрилмоқда.

Россиянинг "Росатом" давлат корпорацияси раҳбари Сергей Кириенконинг айтишича, Туркия жанубида умумий қиймати 20 миллиард АҚШ долларига баҳоланаётган атом электр станцияси қурилади.

Тўртта реактордан иборат "Оққую" Атом электр станциясини барпо этишни Туркия Россиянинг "Атомстройэскпорт" ширкатига тендерсиз беришга қарор берган.

Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўған сўзларига кўра, 4800 мегаватт электр қуввати ишлаб чиқаришга қодир АЭСни етти йил давомида қуриб битказиш кўзда тутилган.

Келишувга биноан, АЭС қуриб битказилганидан кейин уни Россиянинг Атом корпорацияси тасарруфидаги ширкат бошқаради.

"Интерфакс" ахборот агентлигига кўра, Туркиянинг "Тетас" ширкати АЭСни бошқараётган Россия ширкатидан электр энергиясини 15 йил мобайнида сотиб олади.

"Тетас" "Оққую" Атом электр станцияси ишлаб чиқарадиган электрнинг 70 фоизини сотиб оладиган бўлган, электр қувватининг 30 фоизини АЭС бошқарувчилари бозор нархида сотишга ҳуқуқли бўладилар.