Хитой ҳукумати Шинжонда интернетни қайта ўрнатди

Уйғур веб саҳифаси
Image caption Шинжонда веб саҳифаларга чекловлар ўтган июлда жорий этилганди

Хитой ҳукумати ғарбий Шинжон минтақасида интернетга чекловни олиб ташлади. Расмий Пекин ўн ой муқаддам Шинжонда юз берган этник зўравонликлар ортидан интернетдан фойдаланишни деярли бутунлай таъқиқлаб қўйганди.

Ўтган йил июлида мусулмон уйғурлар ва хан хитойликлари ўртасидаги тўқнашувларда 197 одам ҳалок бўлганди.

Хитойнинг Синхуа расмий ахборот агентлигига кўра, ғалаёнлар интернет, СМС пайғомлари ва телефон суҳбатлари орқали идора этиб турилган.

Шинжонда етти миллион аҳоли интернетдан фойдаланиш имконидан маҳрум бўлганди.

Интернетдан фойдаланиши зарур бўлганлар эса қўшни вилоятларга йўл олишга мажбур бўлишди.

Ўтган декабр ойида расмий Пекин чекловларни бир оз юмшатишини билдирди.

Лекин фақат иккита расмий ахборот агентлигига кириш имкони яратилди, холос.

Яна иккита оммабоб интернет саҳифага чеклов март ойида олиб ташланди.

Энди эса ҳукумат интернет хизмати Шинжонда "тўлалигича" аввалги ҳолига қайтганини айтади.

Бироқ, интернет саҳифалари яқиндан кузатилади ҳамда ўта ҳассос мақола ва видео лавҳалардан фойдаланиш ёда уларни кўчириш қийинлаштирилади.

Хитой интернет алоқасини Шинжонда вазият барқарорлашгани учун тиклаётганини айтади.

Бу ҳолат ҳокимият у ерда вазиятни назорат қила олишига ишончи комил бўлганини кўрсатади.

Ҳукумат баёнотига шунингдек интернетдан ҳар қандай "зарарли" маълумотни тарқатган шахслар "қаттиқ жазоланиши" ҳақидаги огоҳлантириш ҳам илова қилинган.