Душанбеда Ислом Конференцияси Ташкилоти анжумани очилди

islamicconference_tajikistan
Image caption Ислом Конференцияси Ташкилоти 1969 йилда ташкил этилган

Ислом Конференцияси Ташкилоти 37-йиғини сешанба куни Тожикистон пойтахти Душанбеда иш бошлади.

Анжуманда ташкилотга аъзо 57 давлат ва кузатувчи давлатлар вакиллари, шунингдек, халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар аъзолари иштирок этишмоқда.

Ислом Конференцияси Ташкилоти (ИКТ) бош котиби Акмалиддин Эҳсонўғли анжуман очилишида нутқ ирод қилди ва ташкилот олдида турган вазифалар устида тўхталди

Жаноб Эҳсонўғли ғарб ташкилотлари билан мулоқотни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади.

Ташкилот бош котиби Фаластин ва Ироқдаги муаммолар, Озарбайжон ҳудудий яхлитлиги билан боғлиқ масалларга алоҳида эътибор қаратди.

Аъзо мамлакатларда қашшоқлик даражасини камайтириш борасида Ислом Тараққиёт Банки воситасида қилинаётган ишлар устида тўхталди. У, шунингдек, Душанбе шаҳрининг Ислом маркази деб аталганини ҳам алоҳида тилга олди.

Душанбедаги уч кунлик анжуманда қатор сиёсий, иқтисодий ва бошқа масалалар муҳокама этилиши кутилмоқда.

Анжуман очилиш маросимида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг ҳам чиқиши тингланди. У ғарб мамлакатларида Исломни нотўғри талқин этиш ҳоллари мавжудлигини урғулади. Тожикистон Президенти мусулмонлар ва терроризм ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқлигини "террорчининг миллати йўқ, ватани йўқ, мазҳаби йўқ", деган сўзлар билан ифодалади.

Ислом Конференцияси Ташкилоти 1969 йилда ташкил этилган. У Осиё, Африка ва Жанубий Американинг 57 мамлакати, шунингдек, Фаластинни озод этиш ташкилотини бирлаштиради.

Ушбу ташкилот аъзо мамлакатларнинг исломий бирдамлиги ва ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ирқчилик ва мустамлакачиликни йўқ қилиш, мустақиллик ва миллий ҳақ-ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ҳамда қатор инсонпарварлик руҳидаги мақсадаларни илгари суради.