Покистон ҳукумати қатор веб саҳифаларга тўсиқ ўрнатишди

Интернет кафе
Image caption Покистон ҳукумати динни таҳқирлашларига йўл қўймаслигини таъкидламоқда

Покистон мулозимлари қатор йирик интернет веб-сайтларга тўсиқ ўрнатишди.

Таъқиқланган веб саҳифалар динни таҳқирловчи материалларни жойлаштиришда айбланган.

Ушбу таъқиққа чоршанба куни facebook сайтида Муҳаммад пайғамбарни ҳажв қилувчи суратларни тарқатиш ҳақидаги эълон пайдо бўлиши туртки бўлган.

Дастлаб facebook сайтига жорий этилган таъқиқ кенгаймоқда.

Бу рўйхатга youtube ҳам, wikipedia сайтининг инглиз тилидаги саҳифаси ҳам қўшилган.

Покистон телекоммуникация расмийларининг айтишича, youtube-да диний таҳқирловчи материаллар сони ортиб бораётгани учун уни ёпиш қарори олинган.

Исломобод расмийлари агар бу ҳолат бошқа сайтларда ҳам такрорланса, уларни ҳам ёпишга ваъда беришди.

Расмийлар узлуксиз телефон мулоқотини ташкил этишди ва аҳолидан интернетдаги таҳқирловчи материаллар ҳақида хабар беришни сўрашди.

Ҳозирча 450 интернет саҳифаси тўсилган.

Ушбу амаллар facebook-да "Ҳар бир одам Муҳаммадни чизсин" деб номланган танлов эълон этилганидан сўнг бошланди.

Покистондаги Исломий партиялар интернетдаги сўнгги воқеалар муносабати билан бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари уюштиришмоқчи.

2006 йилдаги Дания рўзномасидаги ҳажвий суратга норозилик мақсадида ташкил этилган намойишда Покистонда беш киши нобуд бўлган эди.

Алоқа учун SMS рақамимиз: +447786201124