Кобул шимолидаги тоғли ҳудудда қулаб тушган йўловчи учоқ парчалари топилди

Учоқ ҳалокатга учраган минтақа
Image caption Қидирув учоғи пайшанба куни ҳалокат жойини аниқлаганди

Афғонистонда қидирув гуруҳлари пойтахт Кобул шимолидаги чекка тоғли ҳудудида ҳалокатга учрагани хабар берилган йўловчи учоғи парчаларини топишга муваффақ бўлганлар.

Авиация вазири Муҳаммадуллоҳ Баташ ҳалокат жойида бир неча жасадлар борлиги, аммо учоқ бордида бўлган 44 инсондан бирон нафарининг омон қолгани белгилари йўқлигини айтган.

Помир Ҳаво йўлларига тегишли йўловчи учоқ душанба куни Қундуздан Кобулга парвоз қилган ва манзилга яқин қолганда Шакардара тоғли ҳудудида қулаб тушганди. Ҳалокат сабаблари ҳали аниқланмаган.

"Қулаб тушган учоқнинг парчалари қаршимда ётибди. Атрофда бир неча жасадлар бор", деб айтган Баташ жаноблари матбуот воситаларидан бирига.

"Биронкимнинг омон қолгани ҳақида гапиришга ҳали эрта. Аммо, ҳозирга қадар биз бирон кишини тирик кўрмадик ва бу ердаги об-ҳаво вазияти ёмон - совуқ, қор, шамол", дея маълумот берган Афғонистон расмийси.

Унга кўра, қор ва "қаттиқ шамол" қидирув амалиётини мушкуллаштирмоқда. Аммо, қидирувчилар барча жасадларни топмагунларича ҳудудни тарк этиш ниятлари йўқлигини айтишган.

Қидирув учоғи пайшанба куни ҳодиса жойини аниқлашга муваффақ бўлганди. НАТО туширган тасвирларда йўловчи учоғи тўрт бўлакка ажралиб кетгани ва тоғ ёнбағрида сочилиб ётгани акс этганди. Учоқ бордида олти нафар хорижлик бўлган, улардан уч нафари Британия ва бири Америка фуқароси экани айтилади. Помир Ҳаво йўллари Афғонистондаги хусусий ширкатлардан бири ва асосан мамлакат ичкарисида фаолият кўрсатади.