Ҳиндистондаги авиаҳалокатда қарийб 160 инсон нобуд бўлган

Мангалорда учоқ ҳалокатга учраган жой
Image caption Учоқ ҳалокатга учраган жойга етиб бориш ва қутқариш ишлари ҳам қийин бўлган

Ҳиндистон жанубида йўловчи учоғи ҳалокатга учраган.

Учоқ бортида бўлган 166 инсоннинг аксари нобуд бўлган.

Дубайдан ҳавога кўтарилган Boeing 737 русумли учоқ шанба куни эрталаб Маргалор шаҳри ҳаво қўналғасида ҳалокатга учраган.

Air India ҳаво ширкатига қарашли учоқ аэропортнинг учиш-қўниш йўлагидан ўтиб кетган ва жарликка қулаган.

Учоқда 160 йўловчи ва олти нафар учоқ экипажи аъзолари бўлишган.

Хабарларга кўра, етти инсон омон қолган.

Мангалордаги касалхонага олиб борилган йўловчилардан бири Прадеп ҳалокат пайтини шундай тасвирлаган:

"Қўниш пайти эди, учоқ ерга тегар экан, худди ғилдираги ёрилгандек овоз эшитилди ва учоқ назоратни йўқотди. Беш дақиқа ичида портлаш юз берди, ҳамма ёқ аланга ва тутун ичида қолди. Мен нафас ололмай қолдим. Шу пайт синган ойнани кўрдим ва ўзимни қутқариш учун сакрадим. Қўл-оёқларим шикастланди", дейди ҳалокатдан омон қолган йўловчиларидан бири. Учоқ Дубайдан парвоз қилган ва кўп йўловчилар Бирлашган Араб амирликларида меҳнат қиладиган муҳожир ишчилар бўлгани ишонилади.

Авиаҳалокат сабабларини ўрганиш бошланган.

Ҳиндистонда авиация хавфсизлиги яхши йўлга қўйилган, бу мамлакатда охирги учоқ ҳалокати 2000 йилда рўй берганди, ўшанда 50 инсон ҳалок бўлган.

Би-би-си мухбирига кўра, Ҳиндистон фуқаро авиациясида охирги йилларда катта ўзгаришлар кузатилган.

"Мазкур саноат инқилоб даврини бошидан кечирди. Йирик ислоҳотлар бўлди, нархлар мисли кўрилмаган даражада арзонлаштирилди. Авваллари жуда оз сонли бадавлат одамлар ва хорижликларгина ҳавода парвоз қилишар, чипталар нархи баланд бўлгани боис қолганлар темир йўл хизматидан фойдаланишга мажбур эдилар. Кутилмаганда ўрта тоифанинг янги авлоди, иш сафари билан юрувчилар ва ҳатто оилалар ҳаво хизматидан фойдалана бошлади", дейди Би-би-си Санжой Мажумдер.

Аммо, Ҳиндистоннинг давлат назоратидаги ҳаво ширкати орқада қолган, янги ислоҳотлар уларга етиб бормаган.

Кўп йиллик эски учоқлар янгиланиши зарурлиги айтилади.

Авиациянинг гуркираши учувчиларга эҳтиёжни ҳам оширди.

Кейинги икки йил янги хусусий ҳаво ширкатлари учун ҳам қийин бўлди.

Ёқилғи нархларининг ўсиши, юқори даражали солиқларнинг барчаси таъсирсиз бўлмади.

Бугунги учоқ ҳалокати сабаблари ҳали аниқ эмас, аммо бу аллақачон муаммолар гирдобида бўлган давлат ҳаво йўллари учун навбатдаги зарба, дейди мухбиримиз.