Австралия Исроил дипломатини мамлакатдан чиқариб юборди

Австралия Ташқи ишлар вазири
Image caption Стефен Смисга кўра, Исроил амали дўстона амал эмас.

Австралия Исроил дипломатини мамлакатдан чиқариб юборди.

Бунга сабаб Фаластинлик қуролли ҳаракат раҳбарининг ўлдирилишида Австралия паспортлари сохталаштирилгани айтилади.

Ташқи ишлар вазири Стефен Смиснинг айтишича, полиция тадқиқотларига кўра, тўртта Австралия паспорти Ҳамас аъзоси Маҳмуд ал-Мабҳуҳнинг Дубайда ўлдирилиши жараёнида ишлатилган.

Жаноб Смисга кўра: "Бу - дўст мамлакат амали эмас."

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги эса Австралия амалидан афсусда эканини айтган.

Шу йил бошларида айни шу каби айблар билан Британия ҳам исроиллик дипломатни мамлакатдан чиқариб юборган эди.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Йигал Палмор Австралия қадами "мамлакатларимиз орасидаги ҳамкорликлар аҳаммияти ва сифатига мос кедмайди," деб айтган.

'Ғазаб эмас афсус'

Январь ойида Дубайда Маҳмуд ал-Мабҳуҳнинг ўлдирилишида камида тўрт Австралия паспорти ишлатилгани аниқланган.

Паспортларнинг асл эгалари Исроилда яшовчи Австарлия фуқаролари бўлишган.

Австралия ҳукуматининг айтишича, полиция текширувлари "паспортларни қалбакилаштириш" ортида Исроил расмийлари турганига ҳеч қандай шубҳа қолдирмаган.

Натижада Ташқи ишлар вазири Стефен Смис Исроилдан исми ошкор этилмаган дипломатни олиб чиқишни сўраган.

"Исроилдан Канберрадаги бир дипломатини чиқариб олишни талаб қилиш қароридан Австралия ҳукумати мамнун эмас," деб айтган Стефен Смис.

"Аксинча, ушбу қарор ғазаб билан эмас, балки афсус билан олинди," дея таъкидлаган у.

Маҳмуд ал-Мабҳуҳни ўлдиришда Исроил жосуслари Франса, Олмония, Ирландия ва Британия паспортларидан фойдаланишганди.

Исроил ҳукумати қотиллик ортида у турганига оид ҳеч қандай исбот йўқлигини айтган.

Бироқ Дубай расмийлари қотиллик Исроил жосуслик хизмати - Моссад томонидан содир этилганига 99.9% ишончлари комил эканини айтганлар.

SMS рақамимиз: +447786201124