'Оврўнигоҳ'да кимлар беллашиши аниқ бўлди, буёғи қандай бўларкин?

Алеша
Image caption Украиналик Алеша томошабинларни лол қолдирган саноқли хонандалардан бири бўлди

Шундай қилиб, бу йилги "Оврўнигоҳ" қўшиқлар танлови якуний босқич иштирокчиларининг якуний рўйхати аён бўлди.

Шанба куни Норвегия пойтахти Ослода бўлиб ўтажак танловда жами 25 давлат намояндалари иштирок этишса, шуларнинг 10 га яқини шарқий оврўполиклардир.

Яъни Озарбайжон, Арманистон, Гуржистон, Россия, Беларус, Молдова, Гуржистон ва Украина ярим босқич беллашувларида ўзларини яхшигина кўрсатиб қўйишди.

Дунёнинг манаман деган гаров бойловчи ширкатлари эса, устунликни Озарбайжон, Арманистон, Гуржистон ва Олмонияга беришмоқда.

Украиналик хонанда Алеша эса, бу каби ширкатларнинг эътиборларига тушмаган эса-да, ўзининг олиймақом ижроси билан залдагиларни лол қилиб қўйди.

Оврўполикларнинг тилларида эса, олмониялик ёшгина Лена. Нима эмиш, унинг "Сунъий йўлдош" қўшиғи қолган ҳамма хонандаларникини ортда қолдириб кетармиш...

Бироқ унинг жонли саҳнадаги ижросини томоша қилиш учун шанба кунига қадар кутишимиз керак бўлади.

Чунки Франция, Олмония, Испания ва Буюк Британия танловнинг якуний босқичида ҳеч қандай дастлабки саралов босқичларисиз, тўғридан тўғри иштирок этишади.

2008 йилда Дима Биланнинг "Ишонч" қўшиғи билан ютиб кетган Россия вакилларининг бу йил, ҳатто, финалга чиқа олмасликлари башорат қилинганди. Шу сабаб бу гал улардан ғалабага умид ҳам йўқ.

Ҳар доим томошабинларни ўзининг ажабтовур чиқиши билан куттирган Туркияни эса, maNga гуруҳи намоён этаётир.

Гуруҳ ўтган йили MTV Music Awardsда "Оврўподаги энг зўр ижро" мукофотини қўлга киритган.

Бу йилги танловнинг яна бир янгилиги шундаки, бу йил "Оврўнигоҳ" тарихида илк бор овозларнинг 50 фоизини ҳакамлар ҳайъати белгилайди.

Ҳакамлар ҳайъатининг ўзи эса, ҳар бир иштирокчи давлатнинг овоз ёзиш ширкатлари мутахассисларидан ташкил топган.

Кимнинг дарди нимада?

Image caption Ўтган йилги ғолиб Норвегия танловни уюштириш ўзларига осон бўлмаганини айтмоқда

Танлов ташкилотчиларига кўра, чўнтаклари кўтармагани учун бу йил бир қатор давлатлар "Оврўнигоҳ"дан чиқиб кетишган.

Уларнинг орасида Можаристон, Андорра, Чех Республикаси ва Монтенегро бор.

Кўрик продюсерининг айтишича, "глобал молиявий инқироз ўзларини ҳам четлаб ўтмаган".

Бу йилги танловни уюштириш ҳам молиявий жиҳатдан мезбон Норвегияга осон бўлмаган.

Норвегия тадбирга 21 миллион фунт стерлинг сарфлаган. Аммо бу ўтган йилги мезбон Россиянинг сарф-харажатлари билан солиштирганда 7 миллионга камдир.

Глобал молиявий инқироздан аввал ҳам мезбон давлат учун анчагина қимматга тушувчи "Оврўнигоҳ" эса, энди унча-мунча давлатнинг белини букиб қўйиши тайин.

Шундай экан, ғолиб чиқиш бир ёну тадбирга мезбонлик қилиш бир ён бўладиган кўринади.