БМТда Яқин Шарқни ядровий қуроллардан ҳоли ҳудудга айлантиришга келишилди

Эрон президенти БМТ минбарида
Image caption Эрон президенти мамлакати ядровий битимга риоя қилаётганини айтади

Нью Йоркда бўлиб ўтган халқаро анжуман чоғида Яқин Шарқда ядровий қуроллардан холи ҳудуд яратишга келишиб олинди.

Якуний ҳужжатда бу хусусдаги музокараларни бошлаш учун 2012 йилда махсус анжуман ўтказишга чақирилади.

Фақат Исроилнинг номи тилга олинган бўлса ҳам, ҳужжат минтақадаги барча давлатларни кўзда тутади.

Минтақада фақат Исроил ядровий қуролга эга давлат деб кўрилади.

Исроил, бундан ташқари, ядровий қуролларни тарқатмасликка оид битимни имзоламаган минтақадаги ягона давлатдир.

Сўнгги битимга эришиш учун араб давлатлари жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилишди.

Чунки айни масалада аниқ бир чорага қўл урилмаса, унинг амалга ошмаслиги тайин.

Бирлашган Миллатлардаги анжуман эса, ҳар хил мавзуларни қамраб олганди.

Талашиб-тортишишлар ортидан Исроилнинг энг яқин иттифоқчиси Америка ҳам ушбу таклифни қабул қилди.

Лекин Вашингтон фақат Исроилнинг номи тилга олинганидан "афсусда" эканини қистириб ўтишни ҳам унутмади.

SMS рақамимиз: +447786201124