Кобулда очилган жирга ҳужумга тутилди

Image caption Карзай кўпдан бери Толибон билан музокаралар фикрини илгари суриб келади

Қуролли кишилар Кобулда Президент Ҳомид Карзай томонидан очилган қавм оқсоқоллари йиғинига ҳужум қилишга уринганлар.

Учта ракета жирга ўтказилаётган жой яқинига келиб тушган. Расмийларга кўра, икки ҳужумчи ўлдирилган ва бири қўлга олинган.

Жаноб Карзай "тинчлик жиргаси" деб номланган уч кунлик йиғиндан жангарилик йўлидан қайтган собиқ толиб жангариларига иқтисодий имтиёзлар бериш режаси учун дастак йиғиш йўлида фойдаланмоқчи.

Толибон раҳбарлари эса музокараларни рад этиб, жирга иштирокчиларига ўлим таҳдидини йўллашган.

Жаноб Карзайнинг очилиш маросимидаги нутқини бомбалар ва отишмалар садоси бўлди.

"Кимдир ракета отишга уринаяпти, шекилли... Ташвиш чекманг, давмо эттирайлик," - деди у иштирокчиларга.

Отилган уч ракета йиғин ўтказилиши учун Кобул университети ҳудудида тикланган баҳайбат чодирдан 100 метрча нарироққа бориб тушган.

Йиғинда иштирок этаётган Афғонистондаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти элчисига кўра, ракета ерга тушганида ҳеч ким жойида жилмади.

"Ҳеч ким, жумладан 300 аёлдан бири ҳам жойидан жилмади. Улар бермоқчи бўлган ишора "биз бунга ўрганганмиз, бу каби ҳужумга тайёрмиз ва йиғинни давом эттиришни истаймиз" қабилида эди, " - деди Стаффан де Мистура. Жирга давом этмоқда.

Анъанавий ечим

Жиргада 1600 нафар иштирокчи, жумладан қабила раҳбарлари ва диний уламолар, ҳамда парламент аъзолари иштирок этишмоқда.

Бироқ, жиргани Толибон ҳужумидан қўриқлаётган хавфсизлик кучларининг сони 12 мингта.

Кобулдаги мухбиримизга кўра, жирганинг мақсадларидан бири Президент Ҳомид Карзай мавқеини янада мустаҳкамлаш.

Аммо, айни дамда, нафақат Афғонистон, балки Ғарбда ҳам афғон можаросини Толибон билан қандайдир келишувга эришмай ечишнинг имкони йўқлиги англаб етилган.

Президент Карзай Толибонга қаратилган мурожаатида айнан толиб ҳужумлари ўзлари нафратланадиган хорижий қўшинларни Афғонистонда қолишига сабаб бўлаётганини айтди.

"Сизлар хорижий кучларнинг чиқиб кетишлари учун имкон яратиб беришингиз керак," - деди у.

Жирга жума куни якун топиши кутилади. Якуний ҳужжат исёнчиликни қандай тугатиш, жараёнга қайси гуруҳларни жалб этиш ва бу гуруҳларга қандай ёндошиш йўлларини ўз ичига олиши режаланган.

SMS рақамимиз: +447786201124