Марказий Осиё ва Қафқоз энергия бойликлари учун кураш

Боку
Image caption Озарбайжоннинг янги бойлари катта харажат қилишади, аммо буни овоза қилишни унчалик исташмайди

Озарбайжонда илк нефть кони топилганига юз йил бўлди, бироқ пойтахт Бокунинг кўркам маркази шукуҳли кунлар гўё ҳеч қачон тугамагандай таъсурот қолдиради.

Концерт саройлари, икралик ресторанлар ва қимматбаҳо машиналар билан савдо қилувчи салонлар ўтган аср бошида нефть даромади ҳисобига қурилган бинолар ўнгида қад кўтарган.

Бир аср муқаддам Британия, Ҳолландия ва Чор Россияси корчаллонларининг интилган манзили Боку эди.

Ўшанда, нефтдан олинган даромадлар маҳаллий ва хоржий "нефть зодагонлари" чўнтакларига кетарди.

Бугун эса, Озарбайжон бойликлари асосан "янги озарийлар" ихтиёрида.

Image caption Каспийдаги нефтни ўзлаштириш Совет даврида бошланди

Ҳукумат энг йирик ширкатларга эгалик ва деярли барча энергия маҳсулотлари нархлари устидан назорат қилади.

"Трансэпениси Интернейшнл" ўзининг 2009 йил чиқарган "коррупция индекси"да Озарбайжонни 180 мамлакат орасида 143 ўринга қўйганди.

Аммо энергия тараққиётининг энг кўзга натижаси бой ва йўқсиллар ўртасидаги тафовутнинг тобора ортиб бораётганидир.

Шаҳарнинг бой бизнесменлари Совет давридан қолган битон уйлар орасида қад кўтарган мармар биноларда яшашади.

Озарий элитаси ўзи билан ўзи борди-келди қилса-да, кўпчилик уларни яхши танийди.

Баъзи таҳлилчиларга кўра, Фавқулодда вазиятлар вазири Камолиддин Ҳайдаров, Транспорт Вазири Зиё Маммадов ва президент хавфсизлик хизматининг бошлиғи ҳукуматдаги энг бой ва энг қудратли мулозимлар ҳисобланишади.

Озарбайжоннинг жозибадор биринчи хоними Меҳрибон Алиева эса Бокудаги энг йирик маданий кечаларига хомийлик қилиш билан ном чиқарган.

Маълумот ови

Бироқ қудратли озарийларнинг бойлиги қанча экани аниқ маълум эмас. Би-би-си уларнинг ҳар бирига мактуб билан боғланди, аммо ҳеч қандай жавоб ололмади.

Аммо мен Фавқулодда вазиятлар вазирининг ўғли Тола Ҳайдаров билан мулоқот қилишга муваффақ бўлдим. У расман Озарбайжон Олий Лигаси жамоаларидан бири "Ғалаба" Футбол Кулбининг президенти ҳисобланади.

Аммо жаноб Ҳайдаровнинг шахсий мулки қанча экани сир тутилади.

Унинг оиласи "Гилан" номли йирик ширкатга эгалик қилиши маълум. Ушбу ширкат футол клубига эгалик қилади. Бироқ Тола футбол клуби ҳақидаги маълумотларни ҳам овоза қилмасликни маъқул кўради.

Мен ундан бойлар ва камбағаллар ўртасидаги фарқнинг йириклашаётгани ва коррупция жиддий муаммоми, деб сўрайман.

"Оддий фуқаро сифатида мен шуни айта оламанки, ҳар қандай мамлакат мустақилликка эришгач муаммоларга дуч келади. Биз энди мустақил бўлдик. Шунга қарамай, собиқ Совет республикалари орасида Озарбайжон энг ривожланганларидан биридир," дейди у.

Коррупция саволлари

Сармоядорлар, айниқса қурилиш соҳасига пул ётирганлар, энергия соҳасининг ривожланиши туфайли яхши даромад кўраётганга ўхшайди.

Бокуда жойлашган турк бизнесмени Ёвуз Келес коррупция Озарбайжон учун хос иллат эмаслигини айтади.

Унинг "Тусиаб" қурилиш ширкати маблағи тахминан 3 миллиард долларга тенг.

"Бу минтақавий муаммо," - дейди у. - "Озарий расмийлари бу муаммо ҳақида аллақачон гапира бошлашган, бу фақат бошланиши."

Маҳаллий таҳлилчилардан бирининг айтишича, Озарбайжонда энергия соҳасининг ривожланиши сиёсий элита қўлида.

"Озарбайжон нефти давлат монополияси остида. Табиийки, ундан келган даромаддан давлат фойдаланади," - дейди "Турон" хабар агентлигидан Илҳом Шаъбон. - "Нефтдан олинган даромад президент рухсати билан сарфланади."

Вазиятнинг яқин келажакда ўзгариши гумон.

Президент Илҳом Алиевнинг иккинчи президентлик муддати 2013 йилда тугаши керак, бироқ 2009 йилда ўтказилган референдум унга истаганича президентликка ўз номзодини қўйиш изнини берди.

Танқидчиларнинг айтишича, бу ҳолат унга Озарбайжон нефт заҳиралари устидан истаганича назорат қилиш имконини беради.

"Бритиш Петролиум" ва бошқа нефть ишлаб чиқарувчи ширкатлар Каспий Денгизини ўзлаштиришга тушган экан, нефт ишлаб чиқариш суръатининг пасайиши ҳақида ҳозирча гапирилмаса ҳам бўлади.

Яқинда "Вашингтон Пост" рўзномаси Дубайда денгиз бўйида тўққизта ҳашаматли уй жами 44 милион АҚШ долларига президент Алиевнинг 11 яшар ўғли номига сотиб олинганини хабар қилди.

Юқори давлат мулозими Али Ҳасанов март ойида Би-би-си билан бўлган телефон суҳбатида айни хабарни тасдиқлашни истамади.

Аммо, кейинчалик у маҳаллий матбуотга мазкур хабарни рад этмади.

"Ҳар бир инсон истаган нарсага эгалик қилиши мумкин. Қонун ва конституция доирасида бўлса, бунинг ҳеч ёмон жойи йўқ ," деди Али Ҳасанов Озарбайжонда нашр этилувчи "Ени Мусават" газетасига.

Улар ва биз

Илҳом Алиевга президентлик отаси Ҳайдар Алиевдан қолган

Боку ташқарисида эса ишсизлик ва қашшоқлик нишоналари кўзга ялт этиб ташланиб туради.

Ўзини Фарҳод деб таништирган бокулик таксичи мени пойтахтдан 20 километр узоқликдаги қишллоққа олиб борди. Қишлоқ аҳолиси сув ва газ танқислигини бошдан кечирарди.

"Бойлар давлатни бошқараяпти. Бу бизда уларда бор имконият йўқ деганидир. Улар ҳар куни тўю тамошо қилишади, биз эса йўқ," дейди у.

Бокуда бўй чўзаётган метал ва битон бинолар сингари одамлар ўртасидаги фарқ ҳам тобора катталашиб бормоқда.

SMS рақамимиз: +44778620112