"Британияликлар Ислом динини экстремизмга боғлашади"

Ислом Британиядаги учинчи йирик дин ҳисобланади

Британияда ўтказилган сўров натижаларига кўра, ушбу мамлакатдаги кўпчилик Ислом дини деганда экстремизм ва аёлларни камситишни тушунар экан.

Сўровни ташкиллаштирган Исломий Тадқиқотлар Жамғармаси Ислом дини ҳақида бу мамлакатда қанчалик "зарарли" фикрлар ва қарашлар шаклланганини кўрсатмоқчи бўлган.

YouGov интернет саҳифаси орқали ўтказилган сўровга кўра, унда иштирок этганларнинг 58% Исломни экстремизмга боғлаган бўлса, сўров иштирокчиларининг 69% Ислом аёлларни камситишга ундайди деган фикрни билдирган.

Балоғатга етган 2,152 шахс орасида ўтказилган сўров Исломий Тадқиқотлар Жамғармаси томонидан молияланган.

Ушбу жамғарма ҳозирда Лондон транспортидан фойдаланиб, мусулмонларга нисбатан салбий қарашларга қарши ташвиқот кампаниясини бошлаган.

Би-би-сининг Британия масалалари бўйича муҳаррири Марк Истон сўзларига кўра, ўтган ой амалга оширилган сўров Британ халқининг Исломга нисбатан салбий муносабатини акс эттирган.

"Мусулмонлар Британия жамиятига ижобий таъсир кўрсатадими?" деган саволга сўровда иштирок этганларнинг 40% "йўқ" дея жавоб берган.

Сўров иштирокчиларининг ярими Исломни терроризмга боғлаган эса, уларнинг, бор йўғи, 13% Ислом тинчлик дини деган фикрни билдирган ва яна 6% Ислом адолатли дин деган қарашга қўшилишини маълум қилган.

Сўров иштирокчиларининг 60% яқини Ислом дини ҳақида кўп нарса билмаслигини эътироф этган эса, уларнинг учдан бири у ҳақда кўпроқ нарсани билишни исташини билдирган.

Ижтимоий масъулият

Исломий Тадқиқотлар Жамғармаси ўзининг "Муҳаммаддан илҳом олиб" номли лойиҳаси билан Ислом дини борасида шаклланган салбий фикрни ўзгартиришга умид қилмоқда.

Ушбу лойиҳага кўра, Лондон марказида ҳаракат қилувчи транспорт воситалари ҳамда метро бекатлари ва вагонлари ичига таниқли мусулмон шахслари суратлари ҳамда ижтимоий адолат ва инсон ҳуқуқлари ҳақидаги Исломий қарашлар шиор ва пайғомлар шаклида ёпиштирилади.

Жамғарманинг ташвиқот бўлими бошлиғи Ремона Али кўпчилик мусулмонлар уларнинг дини ҳақида жамоатчилик онгида шаклланган қарашлардан хавотирда эканликларини айтади.

"Биз Британия мусулмонлари ва уларнинг Британ жамиятига қўшган ва қўшаётган улушлари ҳақида кўпроқ маълумот тарқатмоқчимиз. Биз британиялик мусулмон эканимиздан фахрланамиз," дейди у.

Экстремизмга қарши курашга ихтисослашган Кюиллиам Жамғармаси илмий-тадқиқот маркази ушбу ташаббусни олқишлаб чиқди. Унга кўра, Исломий Тадқиқотлар Маркази амалиёти "Британия фуқаролари орасидаги муносабатларни яхшилаш ниятида ўз вақтида ташланган қадамдир".

"Ушбу кампания ўта аҳаммиятлидир. Чунки у ғайримусулмонларга уларнинг мусулмон дўстлари, қўшнилари ва ҳамкасбларини илҳомлантирган ва уларга йўл кўрсатган динни яхшироқ тушуниш имконини беради," дейилади Кюиллиам Жамғармаси тарқатган баёнотда.

SMS рақамимиз: +44778620112